Линклар

Шошилинч хабар
27 май 2019, Тошкент вақти: 16:50

Суд Стокҳолмдаги ҳужумни Ўзбекистон ватандоши амалга оширганини маълум қилди


Стокҳолмда амалга оширилган терактда гумон қилинаëтган Раҳмат Оқилов

Стокҳолм суди 7 апрель куни шаҳар марказида юк машинасини пиёдалар устига ҳайдаган ҳужумчи ўзбекистонлик Раҳмат Оқилов эканини расман маълум қилди.

Суд расмий билдиргиси Озодликка етиб келди.

Суд томонидан адвокатга тақдим этилган билдиргида айбланувчининг исми 39 яшар Раҳмат Оқилов экани қайд этилган.

Аввалроқ Швеция полицияси Стокҳолм марказида содир этилган ҳужумга алоқадор 7 кишини ҳибсга олганди.

Швеция полицияси ҳибсда ушлаб турилганлардан бири Ўзбекистон ватандоши эканлиги тўғрисида баёнот берган эди.

Суд расмий ҳужжати
Суд расмий ҳужжати

Қочувдаги самарқандлик

9 апрель куни Швеция матбуоти ҳужумчининг асли самарқандлик 39 яшар Раҳмат Оқилов эканини эълон қилганди.

Expressen нашрининг полициядаги манбасига таяниб хабар беришича, ​“Оқилов тергов пайтида ўзига билдирилган айбловни тан олган ва “қилган ишидан мамнун экани”ни, “кофирларга қарши ҳужум қилиб, ўз мақсадига етишгани”ни айтган”.

Швеция полицияси бошлиғи Жонас Ҳейсинг 9 апрель куни ўтган матбуот анжуманида террорчиликда гумонланиб қўлга олинган ўзбекистонлик қидирувда бўлганини айтди:

- Биз бу шахс 2014 йилда Швецияда доимий яшаш рухсатномасини олиш учун ариза берганини биламиз. Аммо 2016 йил июлида унга Швеция Миграция агентлиги томонидан рад жавоби берилган ва уни депортация қилиш тўғрисида қарор чиқарилган. У тўрт ҳафта ичида мамлакатни ўз ихтиёри билан тарк этиши шартлиги тўғрисида огоҳлантирилган. Бироқ 2017 йилда у бу шартни бажармай қочиб юргани учун уни топиб,депортация қилиш полицияга юклатилган, - деб билдирди.

Ҳибсга олинган ўзбекистонликлардан яна бирининг ёши, исм ва фамилияси Озодликка маълум.

"Ҳозир аэропортдаман. Тупик"

Раҳмат Оқиловнинг Telegram-даги ёзишмаси
Раҳмат Оқиловнинг Telegram-даги ёзишмаси

10 апрель куни швед оммавий ахборот воситалари Раҳмат Оқиловнинг Telegram орқали ИШИД тарафдорлари ёки аъзолари билан бўлган ёзишмаларини нашр этди.​

Рус тилидаги ушбу ёзишмалардан Оқиловнинг ҳужумни қандай амалга ошириш ҳақида очиқ мулоқот олиб борганини кўриш мумкин.

Ёзишмаларда Оқилов бомбани қандай тайёрлаш ҳақида кўрсатмалар олган.

Оқилов ўз ёзишмаларида, шунингдек, бундай деган: "Эртага кечқурун оломоннинг устига ҳайдаш учун, катта машина топмоқчиман" - дея ёзади у.

Оқилов 7 апрелдаги ҳужумдан кейин ҳам хат ёзишга улгурган.

У Стокҳолм марказида юк машинасини одамлар устига ҳайдаши натижасида кам одам ўлганидан афсус билдиради.

"Ёмон, бир нечтасини босиб кетдим. Машина бошқа жойга кириб кетди. Ҳозир аэропортдаман. Тупик," - деб ёзади Раҳмат Оқилов.

Бағдодий байроғи остида

Стокҳолмдаги муҳожирлардан бирининг Озодликка айтишича, Раҳмат Оқилов уни таниган муҳожирлар орасида "такфирчи" сифатида танилган.

- Бу йигит оиласидан ажрашган. Самарқанддан. Ўзи айтиб берганди. Стокҳолм марказида бепул тил ўрганиш маркази бор. Ўша ерда танишган эдик. Мусулмончилик ҳақида гапираётиб унинг баъзи нотўғри ақидаларини эшитиб қолдим. Масалан, такфир қилиш. "Намоз ўқимаган одамлар - кофир. Биз буларга қарши бўлган Бағдодийга бориб байъат қилишимиз керак, ўша кишининг байроғи остида кофирларга қарши чиқишимиз керак", деган фикрлар, - дейди Раҳмат Оқиловни таниган муҳожирлардан бири.

Швециядан eltuz.com муҳаррири Қудрат Бобожоннинг айтишича, Стокҳолмдаги ҳужумдан бир муддат аввал Раҳмат Оқилов Суриядаги қуролли гуруҳларга пул тўплаш тадбирида фаол қатнашган.

- Менга аноним шаклда ва очиқ шаклда қўнғироқ қилган одамлар унинг Сурияга боғлиқ ҳаракатларини айтишаяпти. Бундан бир қанча муддат аввал Оқилов Суриядаги жангари гуруҳларга пул йиғиш кампаниясида қатнашган кавказлик йигитлар билан бирга. Манбага кўра, Оқилов қурилишда ишлаб топган даромадини Ўзбекистондаги ўз яқинларига эмас, Сурияга жўнатиб турган, - дейди Қудрат Бобожон.

Швецияда истиқомат қилувчи ўзбекистонлик фаол Дилобар Худойберганованинг айтишича, Раҳмат Оқилов ҳибсга олиниши ортидан полиция у ноқонуний ишлаган қурилиш ширкатларида рейд ўтказган.

- Раҳмат Оқилов ишлаган қурилиш ширкатларида полиция тинтув ўтказган. У ерда иш билан боғлиқ ҳолатларни ўрганишган, гувоҳлар билан гаплашишган. Хуллас, у билан боғлиқ бўлган ташкилотларнинг ҳам, одамларнинг ҳам тинчи бузилган, - деди Дилобар Эркинзода.

Стокҳолм марказида юк машинасининг пиёдалар устига юриши натижасида 4 киши ҳалок бўлган, 15 киши жароҳат олганди.

Швеция прокурори Ҳанс Иҳрман 7 апрель куни Стокҳолм шимолий бўсағасида машинани бошқарган шахснинг ҳибсга олинганини эълон қилди.

Швеция бош вазири Стефан Лофвен ҳужумни “террор амали” деб атади.

Швеция полицияси ҳужумчининг “Ислом давлати" экстремист гуруҳига мойил бўлган ўзбекистонлик эканини билдирди.

​Швеция махсус хизмати бу ўзбекистонлик ҳақида ўтган йили маълумот олган, аммо уни экстремизмга алоқаси йўқ, деб топган.

Швеция пойтахти Стокҳолмда якшанба куни минглаб одамлар 7 апрель куни содир этилган террор ҳаракатига норозилик билдириб, “Муҳаббат манифестацияси” деб аталган тадбирни ўтказди.

Тадбирда сиёсатчилар ва санъаткорлар, таниқли блоггерлар чиқиш қилдилар.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG