Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:10

Ислом Каримовнинг мақбараси ва ҳайкали лойиҳаси тақдим қилинди


Ислом Каримов ҳайкалининг макети
Ислом Каримов ҳайкалининг макети

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги “Биринчи президент хотирасини абадийлаштириш” республика комиссияси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бош бошқармаси томонидан тақдим қилинган Ислом Каримов мақбараси ва ҳайкаллариниг лойиҳаси билан танишди.

Маданий мерос бошқармасидаги етакчи мутаҳассиснинг Озодликка айтишича¸ комиссия мақбара лойиҳсини қабул қилган ва ҳайкал масаласида якуний қарор берилмаган.

Собиқ коммунист қабрини қуръон суралари безайди

Суҳбатдош Озодликка Самарқанднинг Ҳазрати Хизр мавзеидаги Ислом Каримов кўмилган жойга қурилиши кўзда тутилган мақбара тасвирини юборди.

Мақбара макети
Мақбара макети

Тасвирда оқ гумбазли зангори-мовий нақш ва қуръон оятлари ëзилган тўртбурчак сахн ва тўрт аркдан иборат мақбарани кўрамиз.

Ўзбекистон ëдгорликларни сақлаш идорасидаги меъморнинг Озодликка айтишига кўра, ЮНЕСКО рўйхатига киритилган Ҳазрати Хизр мажмуида янги мақбара қурилиши тарихий манзарани бузмаслиги зарур.

Шу боис, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси томонидан мазкур лойиҳани Бутунжаҳон мероси маркази ва ИКОМОС (Ёдгорлик ва меъморий обидаларни сақлаш Халқаро кенгаш) билан мувофиқлаштириш ишлари олиб борилмоқда ¸ дейди суҳбатдош.

Акмал Ризаев номи билан блоглар ëзадиган Ўзбекистонлик мунаққиднинг Озодликка айтишича¸ “Бу новодел мақбара Самарқанддаги Ҳазрати Хизр мажмуасининг тарихий қиëфасига путур етказади”.

Суҳбатдошга кўра¸ бу мақбара қурилиши ортидан “19 аср ўртасида шаклланиб бўлган Ҳазрати Хизр обидасининг тарихий силуэти бузилади. Самарқанд архитектураси асосан зангори-яшил кошинли гумбазларга асосланган. Оқ гумбазли Каримов мақбараси эса “Алоуддиннинг сеҳрли чироғи “ киносидаги аля-шарқ дизйнидаги қурилма бўлиб қолиши билан ҳавотирли”, деди мунаққид.

"Бадбашара ҳайкаллар"

Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш комиссияси Ўзбекистон Бадиий академияси фойесида тақдим қилинган ўндан ортиқ Ислом Каримов ҳайкалларини ҳам кўриб чиқди.

Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкалини яратиш бўйича халқаро танлов низомига мувофиқ, ҳайкаллар лойиҳа муаллифининг исми кўрсатилмаган ҳолда намойиш этилди.

Ўзбекистонлик таниқли ҳайкалтарошлар яратгани иддао қилинган ҳайкалларнинг тасвири facebookдаги Ўзбекистон ҳайкалтарошлари саҳифасига қўйилди.

Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкалини яратиш бўйича халқаро танлов низомига мувофиқ, ҳайкаллар лойиҳа муаллифининг исми кўрсатилмаган ҳолда намойиш этилди.

Ўзбекистонни 27 йил мобайнида бошқарган Каримов бу ҳайкалларда ўтирган¸ турган¸ қўлларини ëзган¸ бола кўтариб турган позаларда акс эттирилган.

Республика комиссияси бу ҳайкаллардан учтасини танлаб олиши лозим эди. Душанба кунги маълумотга кўра¸ ҳайкаллар масаласида бир тўхтамга келинмаган.

Айни пайтда ҳайкал эскизлари профессионал ҳайкалтарош ва санъатшуносларнинг кескин танқидига учради.

Ҳайкалтарош Мансур Мадалиевнинг Озодликка айтишича, ҳайкаллар уқувсизлик ва нўноқлик намунаси бўлган:

- Агар студентларим просмотрга шунақа асарларни қўйса, семестрни топшира олмасди. Макетлар қандайдир бадбашара чиққан. Билим юртининг илк синфларидаги иккичи талабалар ясаганмикан, деб ўйладим деди ҳайкалтарош.

Мунаққид Акмал Ризаев назарида бу ҳайкаллар нафақат пропорция балки бирор бир монументал эстетик идеядан ҳам йироқда:

"Қўрқинчли. Ўзбек ҳайкалтарошлари ясаган бу макетларни кўриб уялиб кетдим. Санъатга¸ скульптурага муносабатни кўриб даҳшатга тушдим", деди мунаққид.

Ўзбекистонлик таниқли фоторассом Умида Ахмедова эса, “Каримов тирик бўлганда бу ҳайкалтарошларни қувиб соларди”, дея ҳазил қилди.

Танлов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2 декабрдаги қарорига мувофиқ ўтказилмоқда. Ислом Каримов шарафига ишланган ҳайкаллар Тошкент, Самарқанд ва Қарши шаҳарларига ўрнатилади.

Каримов даврида монументлар бадарға қилинган эди

1997 йилда Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Мурод Муҳаммад Дўст ТВ орқали чиқиш қилиб, мамлакатда Каримовнинг тасвирлари кўча ва майдонлардан олиб ташланишини маълум қилган эди.

Шундан кейин фақат мулозимлар кабинетидагина Ўзбекистон президенти Ислом Каримов портретини осишга изн берилди.

1994 йили Фарғона вилоятига кираверишда ўрнатилган рамзий дарвоза пештоқидаги Ислом Каримов барельефи олиб ташланди.

Тошкентдаги Кока-кола заводи дарвозасига дарж қилинган Каримов сиймоси ҳам ўчирилди.

Каримов буйруғи билан Ўзбекистоннинг биринчи раҳбарлари Файзулла Хўжаев¸ Йўлдош Охунбобоев¸ Акмал Икромов¸ Усмон Юсупов ва Шароф Рашидовга қўйилган ҳайкаллар демонтаж қилинди ва улар номига қўйилган кўчалар қайта номланди.

Айнан Ислом Каримовнинг буйруғи билан Ўзбекистон тарих музейи девори марказида Каримов тасвири бўлган панно ўчириб ташланган эди.

XS
SM
MD
LG