Линклар

Amnesty International: 2016 йилда дунё бўйлаб қатл этишлар озайди


Эронда 2015 йилда 977 одам қатл этилган эди, 2016 йилда бу кўрсаткич 567 га тушган.

Amnesty International ташкилотига кўра, 2016 йилда дунё бўйлаб ўлим жазосини ижро этиш ҳолатлари бир йил олдингига қараганда озайган. Бу кўрсаткичнинг озайишига асосий сабаби Эрон ва Покистонда қатллар сони озайгани асосий сабабдир.

Ташкилотнинг 11 апрель куни эълон қилинган ҳисоботига кўра, 2016 йилдаги қатл этишларнинг умумий сони аввалги 10 йилликка қиёслаганда барибир кўпдир.

2016 йилда энг кўп шахсни қатл этган давлатлар сафидан Эрон ва Покистондан ташқари Хитой, Саудия Арабистони ҳамда Ироқ ўрин олган.

Ташкилотнинг ўлим жазосини ўрганувчи гуруҳи маслаҳатчиси Чиара Сангиоргио Озодлик билан суҳбатда айрим мамлакатлар расмийлари қатл этишлар сонини яширишга уринаётганини айтди.

Ҳисоботга Хитойда амалга оширилган қатллар киритилмаган. Ташкилотга кўра, ўлим жазоси давлат сири бўлгани учун бу мамлакатдаги кўп сонли қатллар ҳақида маълумот тўплашнинг иложи йўқ.

Сангиоргио Хитой қатллар сони энг кўп давлат эканлигини айтди. 2016 йилда биргина Хитойнинг ўзида амалга оширилган қатллар қолган барча мамлакатлардаги қатлларнинг умумий сонидан кўпдир.

Аммо Amnesty International 2009 йилдан бери Хитойдаги қатллар ҳақидаги тахминларини эълон қилмай келади. Ташкилотга кўра, Хитой расмийлари Amnesty International тахминларидан ножўя мақсадларда фойдаланади.

Сўнгги тахминларга кўра, 2016 йилда Хитойда “минглаб” одам қатл этилган. Ҳисобларга кўра, уларнинг сони 10 мингдан оз. Муҳими, қатл этишлар сони 2016 йилда олдинги йилга қиёслаганда озайган.

Аммо ташкилот Хитой расмийларининг қатллар сони озайгани ҳақидаги иддаоларини тасдиқлашнинг иложи йўқлигини билдирди.

“Шу сабабдан Amnesty International Хитой расмийларини шаффоф бўлишга ҳамда бундай маълумотларни оммага ошкор қилишга қаратилган чақириқларини яна такрорлайди”, дейилади ҳисоботда.

Эрон

Хитойни ҳисобга олмаганда, 2016 йилда қайд этилган қатлларнинг 55 фоизи Эронда амалга оширилган.

Эронда 2015 йилда 977 одам қатл этилган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 567 га тушган.

Мамлакатда қатл этишнинг энг кенг тарқалган услуби дорга осишдир.

Покистон

Покистонда 2016 йилда 87 одам қатл этилган. Бу мамлакатда 2015 йилда 326 одам қатл этилган эди.

Шундай бўлса-да, Сангиоргио Покистон ҳалиям энг кўп одамни қатл этувчи давлатлар сафида қолмоқда, дейди.

Афғонистон

Amnesty International 2016 йилда Афғонистонда 6 одам қатл этилганини қайт этган. Уларнинг барчаси террорчиликда айбдор, деб топилган.

Афғон расмийлари ўлим жазосига ҳукм қилиш террорчилар шаштини пасайтиришини айтиб келади. Аммо ташкилотга кўра, буни тасдиқловчи далиллар йўқ.

Собиқ совет мамлакатлари

Беларус 2016 йилда жиноятчиларни қатл этган ягона Европа давлатидир. Ўтган йилда мамлакатда қотилликка қўл уришда айбдор, деб топилган камида 4 нафар жиноятчи қатл этилган.

Қозоғистонда 2003 йилда ўлим жазосига мораторий қўйилган. Аммо ўтган йилнинг ноябрь ойида Олмаота суди Руслан Кулекбаевни июль ойида амалга оширилган террор ҳужумида иштирок этишда айблаб, ўлим жазосига ҳукм қилди.

Россияда эса расмийлар террорчиларга қарши ўлим жазосини тиклашга чорламоқда. Аммо Россия Думасига март ойида юборилган ўлим жазоси бўйича янги қонун лойиҳаси қабул олинмади.

АҚШ

АҚШ 2016 йилда жиноятчиларни қатл этган Америка қитъасидаги ягона мамлакатдир.

Ўтган йилда умумий ҳисобда 32 одам қатл этилган. Бу 1973 йилдан бери кузатилган энг паст кўрсаткичдир.

XS
SM
MD
LG