Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:21

Тверда яна беш нафар муҳожир террорчиликда гумонланмоқда (ВИДЕО)


Россиянинг Тверь вилоятида “Ислом давлати” экстремист гуруҳига жангари ёллаганликда айбланиб, 5 нафар марказий осиёлик муҳожир қўлга олинди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати тинтув пайтида ҳибс этилганлардан диний-экстремистик адабиёт ва террорчиликни тарғиб этувчи видеоёзувлар мусодара қилинганини билдирди.

11 апрел куни Россиянинг Тверь вилоятида маҳаллий Федерал хавфсизлик хизмати ва Росгвардия махсус кучлари ҳамкорлигида “диний-экстремистик гуруҳ бўлинмаси” аъзоси бўлганликда айбланаётган беш нафар шахс ҳибсга олинди.

Тверь вилояти бўйича ФСБ бошқармасида Озодлик сўровига тергов талабларига кўра исми сир тутилаётган бу шахслар Марказий Осиё республикаларидан келган муҳожирлар эканини тасдиқлаб беришди.

- ФСБ ва Росгвардия ходимлари беш кишидан иборат диний-экстремистик ҳужра фаолиятига чек қўйди. Улар ИШИД таркибида Яқин Шарқ ҳудудида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш учун одам ёллаган, дейилади ФСБнинг Тверь бўлими расмий хабарида.

Терговчилар иддаосича, қўлга олинган йигитлар ўз ҳамюртлари орасида ёлланганларни террорчи-худкуш сифатида махсус тайёргарликдан ўтказиб келганини билдирмоқда. Тинтув олиб борилган квартирада “диний-экстремистик адабиёт” ва “террорчиликни тарғиб этувчи видеоёзувлар” мусодара қилингани хабар қилинди.

ФСБ бошқармаси муҳожирларни қўлга олиш амалиёти вақтида тасвир олинган видеони тақдим этди. Оператив съемкада икки хонали квартирада ухлаб ётган муҳожирлар қўлга олинаётгани тасвирланган.

(Твер вилоят ФСБ бошқармаси оператив съёмкаси)

Видеокадрлардан бирида фсбчилар томонидан “диний-экстремистик” деб аталган 8 дона брошюра шаклидаги адабиёт кўрсатилди. Булар орасида “Дуо китоби”, “Танбеҳул ғофилийн”, “Обучение чтению Корана”, “Муқаддас ойлар”, “Покиза” каби ўзбек тилида нашр қилинган китоблар борлигини кўриш мумкин.

Шунингдек, мусодара қилинган ноутбукда оператив ходимлар қора байроқ остида махсус машқ амалиётлари ўтказаётган жангарилар видеоролиги намойиш этилди.

ФСБ матбуот хизмати қўлга олинган “ҳужра лидерига” нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 205 моддаси 1 қисми (“террорчилик фаолиятига кўмаклашиш”) асосида жиноий иш қўзғатилганини билдиришди.

Тверда махсус амалиёт олиб борилган куни Россия ФСБси директори ва Миллий аксилтеррорчилик қўмитаси раҳбари Александр Бортников махсус йиғилишда сўзга чиқиб, “Ислом давлати” гуруҳи раҳбарлари Россия ҳудудида яна бир нечта террорчилик актларини амалга оширишга ҳозирланаётганини билдирди.

Бортников террорчилик ҳуружларини амалга ошириш учун МДҲ давлатларидан Россияга келган меҳнат муҳожирларидан фойдаланиши тўғрисида маълумотлар борлигини очиқлади.

- Биргина ўтган йил давомида 16та теракт олди олинди! Уларни Москва, Санкт-Петербург, Красноярск, Екатеринбург, Тула, Уфа, Сочи, Новосибирск ва Нижний Новгорода шаҳарларида амалган ошириш режалаштирилган эди. Қўлга олинган гуруҳлар аъзолари ҳам МДҲ давлатлари гражданлари эди. Россияда ўтган вақт мобайнида 46та халқаро террорчилик ташкилотлари бўлинмалари йўқ қилинди, дея ҳисобот берди Александр Бортников.

Россия ФСБси директори А.Бортников
Россия ФСБси директори А.Бортников

ФСБ директори Сурия ва Ироқда махсус тайёргарликдан ўтаётган шахслар Россияда ёллаш фаолиятини йўлга қўйиб, асосан меҳнат муҳожирлари орасида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтираётганидан хабардор қилди.

Шу муносабат билан Бортников чегара назоратини кучайтириш ва “мамлакатга жангарилар кириб келиши олдини олиш учун” миграция тартибларини янада кучайтириш кераклигини билдирди.

Озодлик 3 апрелда Петербург метросида содир бўлган портлаш ортидан Россиянинг деярли барча минтақаларида махсус рейдлар ва “облавалар” бўлаётгани, бевосита террорчиликка алоқадорликда гумонланиб 8 нафар муҳожир, жумладан ўзбекистонликлар ҳибсга олинганини хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG