Линклар

Туркияда сайловчиларнинг асосий қисми Конституцияга киритилган ўзгартишларни қўллаб-қувватлади


Эрдўғон тарафдорлари Истанбулда референдумдаги ғалабани нишонламоқда. 2017 йил, 16 апрель.

Туркияда якшанба куни ўтган референдумда сайловчиларнинг 51 фоиздан кўпроғи Конституцияга киритилган 18 та ўзгартишни қўллаб овоз берди.

Мазкур ўзгартишлар ортидан Туркия парламент республикасидан президент бошқарувидаги давлатга айланади ва президент Эрдўғон 2029 йилгача ҳокимиятда қолиш имкониятига эга бўлади.

Якшанба куни Эрдўғон журналистларга рефернедумда сайловичлар ўзгартишларни қўллаб овоз беришига ишонишини айтган эди:

-Бугун кечқурун овоз бериш якунланиб, овозлар санаб бўлинганидан сўнг Аллоҳ кўмаги билан Туркия келажак сари кутилган қадамни ташлайди,- деди Эрдўғон.

Туркия президенти референдумдан сўнг мамлакатда 2004 йилда бекор қилинган ўлим жазосини қайта тиклаш ва Европа Иттифоқига аъзо бўлиш масаласини қайта кўриб чиқишга ваъда бермоқда.

Марказий сайлов комиссияси овозларнинг 99 фоизи санаб бўлинганини билдирди. Референдум натижалари расман 11-12 кундан сўнг эълон қилиниши кутилмоқда.

Туркия мухолифатидаги Республика Халқ партияси овозларнинг 60 фоизини қайта санаб чиқилишини талаб қилаётир. Мухолифатга кўра, сайлов натижалари соҳталаштирилган бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG