Линклар

Туркия Юксек сечим қуруму референдум натижаларини ҳақиқий, деб эълон қилди


Референдум ортидан Туркия парламент республикасидан президент бошқарувидаги давлатга айланади ва президент Эрдўғон 2029 йилгача ҳокимиятда қолиш имкониятига эга бўлади.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга янги фавқулодда ваколатлар берилишига йўл очувчи 16 апрел кунги референдум натижалари ҳақиқийдир, деб баёнот берди Туркия Юксек сечим қуруму (Марказий сайлов комиссияси) раиси .

Марказий сайлов комиссияси раиси Сади Гувен бу баёнот билан 17 апрел кунимухолифатдаги Республика партияси референдумда қонун бузилиш ҳолатлари, жумладан муҳр қўйилмаган сайлов бюллетелари ишлатилгани тўғрисида баёнот берганидан сўнг чиқиш қилди.

Туркияда якшанба куни ўтган референдумда сайловчиларнинг 51 фоиздан кўпроғи Конституцияга киритилган 18 та ўзгартишни қўллаб овоз берди.

Мазкур ўзгартишлар ортидан Туркия парламент республикасидан президент бошқарувидаги давлатга айланади ва президент Эрдўғон 2029 йилгача ҳокимиятда қолиш имкониятига эга бўлади.

Якшанба куни Эрдўғон журналистларга рефернедумда сайловичлар ўзгартишларни қўллаб овоз беришига ишонишини айтган эди:

-Бугун кечқурун овоз бериш якунланиб, овозлар санаб бўлинганидан сўнг Аллоҳ кўмаги билан Туркия келажак сари кутилган қадамни ташлайди,- деди Эрдўғон.

Туркия президенти референдумдан сўнг мамлакатда 2004 йилда бекор қилинган ўлим жазосини қайта тиклаш ва Европа Иттифоқига аъзо бўлиш масаласини қайта кўриб чиқишга ваъда бермоқда.

Марказий сайлов комиссияси овозларнинг 99 фоизи санаб бўлинганини билдирди. Референдум натижалари расман 11-12 кундан сўнг эълон қилиниши кутилмоқда.

Туркия мухолифатидаги Республика Халқ партияси овозларнинг 60 фоизини қайта санаб чиқилишини талаб қилаётир. Мухолифатга кўра, сайлов натижалари соҳталаштирилган бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG