Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:23

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегаранинг минг километри бўйича келишиб олди


Президент Атамбаев 2016 йил декабрида Тошкентда президент Мирзиёев билан учрашган эди.
Президент Атамбаев 2016 йил декабрида Тошкентда президент Мирзиёев билан учрашган эди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегарасининг минг километрига яқин ҳудуди бўйича ўзаро келишиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон расмийлари маълум қилмоқда. Бироқ Қирғизистон томони ҳозиргача Ўзбекистон билан олиб борилаётган чегара музокаралари ҳақида бирон изоҳ беришдан тийилиб келмоқда. Ҳозирча “Президент Атамбаевнинг Тошкентга қиладиган ташрифи доирасида бу масала муҳокама қилинадими?” деган савол ҳам жавобсиз қолаётир.

Ўзбек- қирғиз чегараси юзасидан олиб борилаётган бир неча ойлик музокаралар натижалари тўғрисида матбуотга Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов маълум қилди.

“Биз Қирғизистон билан ҳамкорликнинг кўп йўналишлари бўйича ютуқларга эришдик. Жумладан, чегараларни демаркация ва делимитация қилиш каби мураккаб ва нозик масалада ҳам.Бугунги кунда деярли бир минг километрга яқин ҳудудни баён этдик ва тарихда абадул-абад бу ўзаро тан олинган чегаралар эканини муҳралаб қўйиш учун келишув тайёрламоқдамиз”, деб иқтибос келтирган “Независимая газета” Абдулазиз Комилов сўзларидан.

“Независимая газета”нинг 16 апрелда ёзишича, Абдулазиз Комилов айтиб ўтган келишув президент Атамбаевнинг Тошкентга қиладиган ташрифи доирасида президент Мирзиёев билан ўтадиган учрашув чоғида имзоланади.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги эса ҳозирча чегара шартномаси Атамбаевнинг Тошкентга сафари доирасида имзоланиши тўғрисидаги хабарни тасдиқламади, айни пайтда рад ҳам этмади.

-Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан президент Алмазбек Атамбаевнинг Ўзбекистонга ташрифи тайёрланмоқда. Чегара масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг музокаралари эса тасдиқланган режа асосида давом этаётир, -деди Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айимкан Кулукеева.

Вазирлик Атамбаевнинг Тошкентга сафари қайси куни амалга оширилиши аниқ эмаслигини ҳам таъкидлади.

Қирғизистон ҳукумати ўтган йилнинг ноябридан бошлаб Ўзбекистон билан ой сайин олиб борилаётган чегара музокаралари тафсилотларини очиқлашдан тийилиб келмоқда.

Ўзбек-қирғиз чегарасини аниқлаш масаласида шуғулланиб келган Қирғизистон бош вазирининг собиқ ўринбосари Абдрахман Маматалиев эса мана буларни айтди:

-Бу чегара ҳудуди бир неча йил олдин ҳукуматлараро чегараларни аниқлаш бўйича комиссия томонидан тасдиқланган эди. Умуман аниқланган чегара чизиғи 1095 километр эди. Ўзбекистон бу келишувни имзолашдан бош тортиб, “ҳозирча 700 километрнигина тасдиқлайлик”, деган позицияда бўлган. Шунинг учун бу келишув имзоланмасдан қолиб кетган. Агар бугунги кунда Ўзбекистон 1000 километр бўйича шартномани имзолашга розилик бераётган бўлса, бу катта ютуқ, -деди Абдрахман Маматалиев.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара масалари бўйича музокаралар президент Ислом Каримов вафот этганидан сўнг Атамбаев 2016 йил декабрида Тошкентга қилган сафари ортидан кескин жонланган эди. Томонлар ҳар ойда 10 кундан чегара бўйича музокараларни олиб бормоқдалар.

Ўзбек –Қирғиз чегарасининг узунлиги 1378 километрни ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG