Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2019, Тошкент вақти: 07:57

Владимир вилоятида икки марказий осиёлик ФСБ томонидан отиб ўлдирилди (ВИДЕО)


Россия Федерал хавфсизлик хизмати Москва шарқидаги Владимир вилоятида чоршанба куни рўй берган отишмада хавфсизлик кучлари марказий осиёлик экани гумонланаётган икки қуролли шахсни отиб ўлдирганини хабар қилди.

Бири 1991 йилда, яна бири 1987 йилда туғилган марказий осиёлик хавфсизлик кучларига қуролли қаршилик кўрсатгани иддао қилинди.

Хавфсизлик хизмати тарқатган видеолавҳада дала ҳовлисидаги хоналардан бирида ўлик ҳолда ва қўлида автомат ушлаб турган муҳожирлар тасвирланган.

(Видео Владимир вилоят ФСБ бошқармаси томонидан тақдим этилди)

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ўлдирилган шахсларни аллақачон “теракт ташкилотчилари” сифатида гавдалантиришга тушди.

Ўлдирилганларнинг халқаро террорчи гуруҳларга алоқадорлиги гумонланмоқда.

“Мазкур шахслар халқаро террорчилик ташкилотлари ёлловчилари билан алоқада бўлган, ясама портловчи мосламалар технологияларига қизиққан ва Россия ҳудудида террорчилик актларини содир этишга ҳозирлик билдирган”, дейилади ФСБ расмий хабарида.

ФСБ ўз ходимлари орасида яраланганлар йўқлиги, ҳодиса жойида портловчи мослама компонетлари, Калашников автомати, Макаров пистолети ва ўқ-дори мусодара қилинганини билдирди.

Россия ФСБсининг Владимир вилояти бўйича бошқармаси мазкур ҳодиса юзасидан жиноий иш очди.

Лекин ўлдирилганлар Марказий Осиёнинг айнан қайси мамлакати фуқаролари бўлгани ҳақида маълумот келтирилганича йўқ.

Владимирдаги отишма Санкт Петербург шаҳрида 15 одам ўлимига сабаб бўлган метродаги портлашлардан 16 кун ўтиб содир бўлмоқда.

Шу пайтгача портлашларга алоқадорликда гумонланиб 9 одам ҳибсга олинди.

Шарҳларни кўринг (20)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG