Линклар

Хабаровскда ФСБ қабулхонасига қилинган ҳужумда ўзбекистонлик ҳалок бўлди


Воқеа ушбу бинода содир бўлган

Жорий йил 21 апрель куни Россиянинг Хабаровск шаҳридаги Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) қабулхонасига қуролли шахс томонидан уюштирилган ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон ватандоши ҳам бор.

РИА Новости хабарига кўра, Қирғизистоннинг Хабаровскдаги элчиси Қодирбек Мирзабоев ҳужумда ўлган ўзбекистонлик жасади ватанига жўнатилганини айтган.

“Ҳалок бўлган шахс Ўзбекистон ватандорши эди, унинг жасади бугун ватанига жўнатилди. У бўйдоқ бўлган, унинг Хабаровскда оиласи бўлмаган", деган Мирзабоев.

Ҳалок бўлган ўзбекистонлик ФСБ қабулхонасига ҳужжат ишлари билан борган пайти ушбу воқеа содир бўлган.

Хабаровскда Ўзбекистон консуллиги йўқлиги боис ҳалок бўлган ўзбекистонлик ҳақида қўшимча маълумот олиш имкони бўлмади.

Пайшанба куни қуролланган шахс Хабаровск Федерал хавфсизлик хизмати қабулхонасига қилган ҳужум оқибатида жами икки киши ҳалок бўлди ва бир киши жароҳатланди.

Ҳалок бўлганлардан бири ФСБ ходими, жароҳатланган киши эса Қирғизистон ватандоши.

Ҳозирда яраланган қирғизистонлик шифохонанинг жонлантириш бўлимида сақланмоқда. Элчи Мирзабоевга кўра, унинг аҳволи жиддий эмас.

Мирзабоев жароҳатланган қирғизистонликка моддий кўмак кўрсатилишини ҳам таъкидлаган.

РИА Новости маълумотига кўра, ҳужумни уюштирган шахс маҳаллий киши бўлиб, у аввал ўқ отишни ўргатувчи клубга ҳужум қилиб, қоровулни ўлдирган ва у ердан қурол-яроғ ўғирлаган. Кейин ФСБ қабулхонасига ҳужум қилган ва ўша ҳужумда отишма пайти унинг ўзи ҳам ўлган.

Ҳозирда воқеа бўйича тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

XS
SM
MD
LG