Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:31

Франция сайлови: Макрон ва Ле Пен иккинчи даврага ўтди


Сайловнинг иккинчи босқичига ўтган номзодлар Эммануэль Макрон ва Марин Ле Пен.
Сайловнинг иккинчи босқичига ўтган номзодлар Эммануэль Макрон ва Марин Ле Пен.

Якшанба куни Францияда ўтказилган сайлов натижалаларига кўра, марказчи номзод Эммануэль Макрон ва миллатчи Марин Ле Пен сайловнинг 7 май кунига белгиланган иккинчи даврасига ўтди.

24 апрель куни Франция ички ишлар вазирлиги Макрон 23,75 фоиз, Ле Пен эса 21,53 фоиз овоз жамғарганини билдирди. Энг кўп овоз олган икки номзод сайловнинг навбатдаги даврасига ўтади.

Франциядаги сайловда овоз берган президентликка номзодлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:49 0:00

Сайлов натижалари унинг олдидан ўтказилган сўровларга мос келди. Фаранг матбуотида, жумладан, Le Monde газетасида чоп этилган сўров натижалари Макрон 23,9 фоиз, Ле Пен эса 21,7 фоиз овоз тўплашини башорат қилган эди.

Консерватив республикачи, собиқ бош вазир Франсуа Фийон 19,91 фоиз овоз тўплаган. Сўлчи Жан-Люк Меланшон эса 19,64 фоиз овоз олган.

Ўтказилган якуний сўровларга кўра, иккинчи давра бугун ўтказилганида, Макрон Ле Пен устидан ғалаба қозонган бўлар эди.

Илк натижалар эълон қилинганидан кейин, евро 1,09 долларга кўтарилди, чунки Макрон Европа Иттифоқини ҳамда умумий валютани қўллашини айтиб келади. Осиё ва АҚШ биржаларида кўтарилиш кузатилди.

Ле Пен сайлов натижаларини олқишлаб, “Франция халқини такаббур элитадан озод этиш”ни ваъда қилди.

Ле Пен: “Мазкур сайловдаги асосий масала ҳамма ерни эгаллаб олган ва тараққиётимизга таҳдид солаётган глобализациядир”, деди ва ўзини “халқ номзоди”, дея таърифлади.

Макрон эса унга овоз берганларни мамлакат “йўналишни ўзгартирган кампания” учун мақтади.

Макрон иккинчи даврадан аввал иложи борича кўпроқ қўллов тўплашни исташини билдирди. Номзод Европада қўрқув эмас, умид бўлиши кераклигини айтди. Бу билан у Ле Пеннинг Европа Иттифоқига қарши қарашларига шама қилди.

“Мен миллатчилар солаётган таҳдидга қарши ватанпарварлар президенти бўлишни истайман”, деди Макрон.

Фийон мағлуб бўлганини тан олди. У сайловчиларга Ле Пен ғолиб қозонса, Францияни хонавайрон қилишини айтиб, уларни Макронга овоз беришга чорлади.

“Радикал ўнг қанотга қарши овоз беришдан бошқа чора йўқ. Мен Эммануэль Макронга овоз бераман”, деди у.

Сайлов натижаси минтақадаги геосиёсий вазиятга, жумладан, Европа Иттифоқи келажаги ҳамда Ғарбнинг Россия билан бўлган муносабатига катта таъсир ўтказиши мумкин.

Сайловдан бир неча кун олдин Парижда полиция ходими отиб ўлдирилган эди.

Кеча сайловчиларни ҳимоялаш учун мамлакат бўйлаб 50 минг полициячи, 7 минг аскар сафарбар қилинди.

Ички ишлар вазирлиги сайлов тугашидан аввал сайловчиларнинг 69,4 фоизи овоз берганини билдирди. 2012 йилги президентлик саловида бу кўрсаткич 70,6 фоизни ташкил қилган эди. Якуний кўрсаткичлар яқин соатларда эълон қилиниши кутилмоқда.

39 ёшга тўлган Макрон собиқ сармоячи бўлиб, иқтисод вазири бўлиб ишлаган. Номзод Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни яхшилашни истайди.

48 ёшдаги Ле Пен муҳожирларга қарши қарашлари билан танилган. У Францияни Европа Иттифоқидан чиқаришни хоҳлайди.

XS
SM
MD
LG