Линклар

17 декабр 2017, Тошкент вақти: 17:00

“Асака” банкининг собиқ раҳбари Қаҳрамон Орипов суд залидан озод қилинди


20 апрель куни “Асакабанк” акциядорлик тижорат банки собиқ раиси, 49 яшар Қаҳрамон Орипов жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг аппеляция судлов ҳайъати қарори билан суд залидан озод қилинди. Бу ҳақда “Озодлик”нинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидаги исми сир қолишини истаган манбаси хабар қилди.

“Қаҳрамон Турсунович ва унинг 3 нафар шериги суд залидан озод қилинди. Банк ходимларига нисбатан амнистия қўлланилди. У қарийб бир йил давомида қамоқда ўтирди. Ўтган йил кузида мамлакатда раҳбарият ўзгаргач, уларнинг озод қилинишига умид пайдо бўлганди”, дейди Марказий банк мулозими.

“Озодлик”нинг бу борадаги сўровига тасдиқ жавобини берган Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди навбатчиси тафсилотларни очиқламади.

Маълум бўлишича, Асакабанк” акциядорлик тижорат банки собиқ раиси Қаҳрамон Ориповнинг дастлабки терговларда берган кўрсатмалари асосида GM Uzbekistan корхонасининг ўша пайтдаги раҳбари Тоҳиржон Жалилов ва бошқа бир қанча шахслар ҳам ҳибсга олинганди.

Тошкент шаҳар прокуратрасининг алоҳида муҳим ишлар бўйича тергов гуруҳи томонидан ўрганилган жиноят иши доирасида мазкур гуруҳнинг Россияга эскпорт қилишда ноқонуний схемалар ёрдамида катта миқдордаги маблағларни ўзлаштирганлиги аниқланган.

“Жиноий гуруҳ аъзолари тўлиқ реаблитация қилинди. Ҳатто Тоҳиржон Жалилов шу йилнинг февралидан бошлаб, “Ўзавтосаноат” ширкати раиси ўринбосарлигига тайинланди. Қаҳрамон Ориповга ҳам иш берилиши, унинг фаолияти ҳам тикланишига шубҳа йўқ. Энди англашилишича, марҳум президент Ислом Каримовнинг кўрсатмаси билан фош қилинган экспорт схемаси ортида ўша пайтдаги ҳукумат раҳбарларининг ўзи турган. Кейинчалик вазият ана шу гуруҳ фойдасига ўзгарди” дейди “Озодлик” манбаси.

“Асака” банкининг бошқарув раиси Қаҳрамон Орипов 2016 йилнинг 2 февраль куни прокуратура қошидаги Департамент вакиллари томонидан иш жойда ҳибсга олинган. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноий қонунчилигининг ноқонуний даромадларни леагллаштириш, жиноий гуруҳ тузиш, мансабдорликка оид жиноятлар мажмуи билан иш қўзғатилганди.

1995 йили ташкил этилган "Асака" банки Ўзбекистондаги энг катта иккинчи тижорий банк ҳисобланади. Унинг асосий акциядорлари — Молия вазирлиги (54 фоиздан ортиқ), "Ўзавтосаноат" компанияси (қарийб 13 фоиз), Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (қарийб 13 фоиз), Олмалиқ ва Навоий кон-металлургия комбинатлари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ва "Ўзбекистон темир йўллари" компаниясидир.

Банк сайти маълумотларига кўра, 1 апрель ҳолати бўйича, “Асака” АТБ жами активлари 8,1 триллион сўмни, жами капитали эса 955,7 миллиард сўмни ташкил этади.

XS
SM
MD
LG