Линклар

Йилига 7 млн. 552 минг дона шифер ишлаб чиқариб келган "Қувасойшифер" ОАЖ маҳаллий тадбиркор қўлига ўтганидан кейин ишлар тўхтаган ва корхонанинг 800 ишчиси ишсиз қолган. “Қувасойшифер” касаба уюшма қўмитаси вакили П.Т.нинг исми сир қолиш шарти билан Озодликка айтишича¸ ўтган ой Қувасой шаҳар Мустақиллик кўчаси 138 уйда бўлиб акционерлар йиғилишида Покистон Ислом Республикаси ватандоши сармоядор Тахвир Афтабга тегишли бўлган "Қувасойшифер"нинг 97 фоиз акцияси андижонлик тадбиркор Олим Набиқулов тасарруфига ўтган. Шифер бизнеси соҳасида ишлайдиган тадбиркорнинг Озодликка айтишича¸ шу кунларда “Қувасойшифер” ишламаяпти.

“Қувасойшифер” касаба уюшма вакилининг айтишича “завод модернизация қилинаëтгани учун тўхтаган”

Завод нега эга алмаштирди

Шифер бизнеси соҳасида ишлайдиган тадбиркорнинг айтишича¸ рентабелли ишлаб келган “Қувасойшифер” жорий йил бошидан “атайлаб мушкул аҳволга солиб қўйилган”¸ ҳорижий инвестор Тахвир Афтаб завод акцияларини сотишга мажбур бўлган.

Озодлик ўз суриштируви давомида бу иддаоларга аниқлик киритишга уринди.

Озодлик тасарруфидаги ҳужжатларда 2013 йилнинг дастлабки 4 ойи давомида Ўзбекистон товар-хомашё биржасидаги биржа савдолари орқали сотилган 3,1 миллион лист шифернинг аксарияти “Қувасойшифер”да ишлаб чиқилган.

Завод ишчиларининг ўртача ойлиги 800 минг сўмни ташкил қилган.

Улар санатория ва курортларга бепул жўнатилган.

Ишчиларга 40 тонна картошка пиëз текин тарқатилган. Умуман завод ишчилар овқати учун 32 млн. 400 минг сўм маблағ ажратган.

Завод ўз фойдаси ҳисобидан шаҳар маданият ва истироҳат боғини қайта қуриш ишларига ҳар йили камида 270 млн. сўм маблағ сарфлаган.

Айни заводда ишлаган муҳандисга кўра¸ улар ишлаб чиқарган махсулот ҳаридоргир бўлгани боис “Қувасойшифер” доимо фойда билан чоракни якунлаб келган.

Ҳўш нега шундай “олам-гулистон” завод тўхтаб қолди ва қўлдан қўлга ўтди? Нега хорижий инвестор заводни сотиб мамлакатни тарк қилди?

Бу саволга жавоб берган шифер бизнеси соҳасида ишлайдиган тадбиркорнинг Озодликка айтишича¸ “муваққиятли заводни қўлга киритиш мақсадида “Андижон-асбест” заводи ҳом ашë бермай қўйган.

Оқибатда завод тўхтаган ва заводга оид 97 фоиз акция эгаси бўлган инвестор заводни сотишга қарор қилган”

- Шифер нима ўзи деб савол берайлик ўзимизга. Шифер бу асбест ва цементдан иборат махсулот. Фақат икки компонентли махсулот. Шу компонентдан бири бўлмаса махсулот ишлаб чиқарилмайди. “Андижон-асбест” ва унга Қозоғистондан асбест етказиб берадиган ширкат тил бириктириб “Қувасойшифер”га асбест беришмади. Оқибатда “Қувасойшифер” синди дея иддао қилди суҳбатдош.

Унга кўра. Ўзбекистонда асбест етказиб бериш тор гуруҳ моноплик қилган соҳага айланган.

Асбест диктатураси

Озодлик ўз суриштируви давомида “Қувасойшифер” заводини сотиб олган тадбиркорнинг “Андижон-асбест” заводига алоқаси борлигини тасдиқлади.

Айни пайтда Озодлик Покистон Ислом республикаси ватандоши сармоядор Тахвир Афтаб ва “Қувасойшифер” заводини сотиб олган тадбиркор билан боғлана олмади.

Озодликка яна маълум бўлишича асбест етказиб беришни ўз назоратига олган тор гуруҳ Ўзбекистондаги шифер ишлаб чиқарувчи корхоналарини бирма-бир ўз қўлига ўтказмоқда.

Озодлик камида иккита банкротга учраган шифер ишлаб чиқарувчи цех эгалари билан гаплашди. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам асбест бўлмагани учун “синганидан” шикоят қилмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG