Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:15

Тошкент Қирғизистондаги ўзбек театрига ваъда қилган 50 минг долларнинг 30 минг долларини жўнатди (ФОТОРЕПОРТАЖ)


"Бобур туғёни" спектаклидан бир кўриниш.
"Бобур туғёни" спектаклидан бир кўриниш.

Қирғизистонда ягона бўлган Ўшдаги Бобур номли ўзбек академик драма театрига Ўзбекистон ҳукумати томонидан ваъда қилинган 50 минг долларлик ёрдамнинг 30 минг долларига яқини етиб келди. Бу ҳақда театр раҳбари Набижон Мамажонов маълум қилди. Унга кўра, ёрдам “Бобур туғёни” спектакли учун кийим - кечак ва саҳна безакларидан иборатдир.

Набижон Мамажонов сўзларига кўра, Тошкент Бобур театрига Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров қаламига мансуб “Юлдузли тунлар” романи асосида “Бобур туғёни” спектаклини саҳналаштиришни ўтган йил охирида таклиф қилган эди.

Шундан сўнг еатр жамоаси асарни саҳналаштиришни бошлаган. Мусиқали драма жанрида тайёрланган спектакль учун зарур бўлган кийим-кечак ва саҳна жиҳозларини тайёрлаб беришни Ўзбекистон ўз зиммасига олган.

- Шу йилнинг 30 апрель куни Дўстлик чегарасидан биз катта юк машинасида келган мана шу юкни қабул қилиб олдик. Ўзбекистон театр ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси етакчилари келиб, бу маҳсулотларни бизга топширишди. Костюмлар Тошкентдаги Миллий театрнинг либослар бўйича рассоми Севарахоним эскизи асосида тайёрланди. Қолаверса, ўз қаламига эга бўлган Акмалжон деган укамиз сценографияни, спектакль картиналарини, палатноларни тайёрлади. Ҳозир уларни олиб келиб, саҳнамизга тикдик, -дейди Набижон Мамажонов.

Суҳбатдошимизга кўра, театрга берилган ёрдамдан театр жамоси ҳам хурсанд. Қолаверса, бу кийимлар шарқ драматургиясидаги бошқа саҳна асарлари учун ҳам асқотади ва бу кийим-кечаклар театр учун 30-40 йил хизмат қилиши мумкин.

- Ўзбекистон валютасида икки юз йигирма миллион атрофида, бизнинг қирғиз сўмига айлантирганимизда икки миллион сўмлик, долларда эса 29410 долларлик маҳсулотлар келди, -деди Набижон Мамажонов.

Айтиш жоизки, шу йилнинг 16 январь куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Адҳам Икромов ва қирғизистонлик расмийлар Ўшдаги Бобур номидаги ўзбек академик драма театрига ташриф буюришганди.

Ўшанда меҳмонлар театр жамоаси билан учрашган ва театр иш жараёни билан танишган. Театр раҳбарияти билан бўлган учрашувда Адҳам Икромов театрга ёрдам кўрсатиш ниятини билдирганди ва бу кўмак 50 минг доллар миқдорида бўлиши айтилганди.

Набижон Мамажонов сўзларига кўра бу маблағ театрга нақд пул кўринишида берилмайди:

-Ўзбекистон давлати пулни бизга бермайди. Лекин бизни ижодимизни кўтарилишига, ижодимиз хазинасига, кийим-кечак заҳирамиз тўлдирилишига, декорацияларни тайёрланишига сарф этилаяпти бу пуллар. Фақат ижодий юксалишимиз учун сарфланаётган маблағ бу. Бу пулдан хеч қанақа театримиз ремонтига ёки реставрация, техника олишга мўлжалланмайди. Бу фақат спектакльлларни яҳши ривожланишига, спектаклларни яҳши чиқишига, профессионал даражага етиб боришига бу маблағ сарфланаяпти,-деди Набижон ака.

“Бобур туғёни” спектакли яқин кунларда томошабинлар эътиборига ҳавола қилинади. Ҳозир спектакль ўзбекистонлик санъаткорлар ва мутахасислар ҳамда Қирғизистон маданият вазирлиги вакилларидан иборат комиссия кўригидан ўтишга тайёрланаяпти.

Айтиш жоизки, шу йилнинг июнь ойида Андижон вилоят мусиқали драмма театри Ўшга гастроль сафари билан келиши кутилаяпти. Бобур театри эса, “Бобур туғёни” спектакли билан сентябрь ойида Андижонга боришни режаламоқда.

XS
SM
MD
LG