Линклар

13 декабр 2017, Тошкент вақти: 16:18

ИИВ: Болани она (ота) нинг рухсатисиз чет элга вақтинча олиб чиқиш мумкин


Бундан буён болани Ўзбекистондан ташқарига қисқа муддатга олиб чиқиш учун, агар у отаси билан чиқаётган бўлса, онасининг, онаси билан чиқаётган бўлса, отасининг рухсати талаб қилинмайди. Бу ҳақда ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи муовини Улуғбек Тошхўжаев баёнот берди.

Вазирлик расмийси айтган янги тартибдан жойлардаги ОВИР идоралари ҳозирча бехабарлиги маълум бўлди.

Мулозим яна нима деди?

Улуғбек Тошхўжаев вояга етмаган болаларни чет элга олиб чиқиш тартибига доир ўзгаришга оид баёнотни Тошкентдаги Халқаро пресс клубда Ички ишлар вазири ва вазирлик бошқармалари раҳбарлари иштирокида 2 май куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида қилди.

Тошхўжаев, шунингдек, бундан буён чиқиш стикерини расмийлаштириш учун ўқув муассасаси тасдиқлаган ҳужжатлар, анкета, боланинг фотосурати ва паспорти бўлиши лозимлигини айтган.

Боланинг чет элга отаси билан чиқиши учун онасининг ёки онаси билан чиқиши учун отасининг рухсати ҳорижий давлатга доимий яшаш учун чиқилаётгандагина талаб қилинишини айтган ИИВ расмийси.

Фарғоналик боласини Россияга қандай олиб келган?

Бир неча йилдан буён Красноярскда ишлаётган фарғоналик Абдуназарнинг Озодликка айтишича, 2011 йили турмуш ўртоғи вояга етмаган фарзанди билан Россияга келиши учун у Красноярскда нотариусга бориб, “Хотиним Фалончига ўғлим Фистончини ўзи билан Россияга олиб келиши учун рухсат бераман”, деган мазмунда ишончнома расмийлаштирган.

Ишончномани Абдуназар факс орқали Фарғонага жўнатган ва шундан кейин хотини ва ўғли Ўзбекистондан чиққан.

Сурхондарёдан олинган маълумот

ОВИР тизимининг Сурхондарё вилоятидаги идораси мулозими Озодлик саволларига жавоб бераркан, вояга етмаганларнинг чет элга чиқиш тартибида ўзгариш юз бергани тўғрисида эшитмаганини айтди.

Боланинг отаси, масалан, Россияда бўлса, сурхондарёлик мулозим айтган тартиб бундай:

ота факс орқали Ўзбекистонга ишончнома жўнатади;

она болани бирга олиб кетишга доир нотариус орқали мажбуриятнома расмийлаштиради;

она анкеталарни тўлдиради;

болага паспорт берилади. ("Киндерпаспорт" деди мулозим - Бола паспорти)

ОВИР тизимининг Бухоро вилоятидаги идораси мулозими ҳам сурхондарёлик ҳамкасби айтган гапларни такрорлади

Юнусободдан олинган рўйхатлар

Озодлик ҳамкори 3 май куни Тошкент шаҳар Юнусобод туман ОВИРида бўлиб, ўрганаётганимиз масалага қизиқди. Тилга олинган идорадан олинган қуйидаги икки эслатмадан бири “Ҳорижга чиқиш учун тўпланадиган ҳужжатлар рўйхати”:

иккинчиси эса, “16 ёшга тўлмаган фуқарога паспорт олиш учун керак бўладиган ҳужжатлар рўйхати”дир:

Вояга етмаганларга паспорт олиш тартиби тўғрисида ҳуқуқий масалаларга ихтисослашган norma.uz сайти материали билан мана бу ишорани босиб танишишингиз мумкин.

Сайт юристининг айнан шу мақолада ёзишича, боланинг чет элга онаси билан чиқишига отасининг, отаси билан чиқишига онасининг розилиги 2014 йилда қабул қилинган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунга биноан талаб қилинади.

Чет элга чиқиш тартибини белгиловчи ҳужжатлар

Ўзбекистон фуқароларининг чет элга бориш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил, 6 январдаги қарори билан тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида эълон қилинган эслатма-материалда вояга етмаганларнинг чет элга чиқиш тартиби тўғрисида бундай дейилган:

Ўзбекистон Республикасининг ёши 16 гача бўлган фуқароси чет элга чиқар экан, унинг биометрик паспортидаги стикерда унга ҳамроҳлик қилувчи киши тўғрисида белги ёки муҳр бўлуви лозим.

Ўзбекистон Республикасининг ёши 15 дан 18 гача бўлган фуқаролари чет элга ота-онаси ёки васийларининг нотариус тасдиқлаган розилиги билан мустақил равишда ҳамроҳсиз чиқиши мумкин.

XS
SM
MD
LG