Линклар

Тошкентдаги “Малика” савдо комплексида ўтказилган рейдда валютафурушлар қўлга олинди


10 май куни Тошкент шаҳрининг Кичик халқа йўли бўйидаги “Малика” савдо комплекси (“Флешка” савдо маркази)га Тошкент шаҳар Яшнобод тумани прокуратураси қошидаги Департамент ва Тошкент шаҳар ИИББ отряди тезкор вакилларидан иборат гуруҳ рейд уюштирди. Тезкор тадбир давомида бир неча шахс ноқонуний валюта операциялари ва жиноий даромадларни легаллаштиришда гумонланиб, ҳибсга олинди.

Бу ҳақда “Озодлик”ка хабар қилган савдо комплексида фаолият кўрсатувчи тужжорлардан бирига кўра, Департамент ходимлари бу ердаги вазият ва кимларнинг валюта билан савдо қилаётганига оид маълумотлардан аввалдан хабардор бўлишган.

“Департамент асосан танланган дўконларни босди. Танланган шахсларни ушлаб кетишди. Қандайдир фуқароларнинг аризалари мавжуд экан. Бу шуни кўрсатмоқдаги, қопқон аввалдан қўйилган. Шу туфайли ҳам савдо марказидаги тужжорлар қўрқиб қолишган” дейди “Озодлик” манбаси.

Тошкент шаҳар Яшнобод тумани прокуратураси қошидаги валюта ва ноқонуний даромадларни легаллаштиришга қарши кураш Департаменти маълумотларига кўра, тезкор тадбир давомида валюта операциялари билан қонунга зид равишда шуғулланиб келган бир қанча шахслар ҳибсга олинган:

“Доимий равишда ноқонуний валюта олди-сотдиси билан шуғулланган Р. ва Н. исмли шахслар ўзаро жиноий тил бириктириб, фуқаро А.га ҳар бир АҚШ долларини “қора бозор” курсида 7700 сўмдан ҳисоблаб, 5 минг 200 АҚШ долларини қонунга хилоф равишда 40 млн сўмга сотаётган вақтда Департамент ходимлари томонидан ушланган. Уларнинг ёнидан 16 минг АҚШ доллари, 10 минг 220 евро, 1010 Англия фунт стерлинги, 440 минг 800 Россия рубли ашёвий алил сифатида олиб қўйилган. Юқорида келтирилган ҳолатлар бўйича қонунбузарларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 177-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда” дейилади Департамент маълумотида.

Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари Фатхулла Абдурахимовнинг маҳаллий нашрларда чоп қилинган маълумотига кўра, ўтган 4 ой мобайнида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари томонидан жами 177 та ҳолат аниқланган.

Улардан 31тасига жиноят иши қўзғатилган ва 146таси бўйича маъмурий-ҳуқуқбузарлик содир этгани учун материаллар тўпланиб, судга юборилган.

XS
SM
MD
LG