Линклар

16 декабр 2017, Тошкент вақти: 02:34

Москванинг Мешчанский туман суди қарори билан, террорчилик актини тайёрлашда гумонланаётган яна тўрт муҳожир ҳибсга олинди. Россия пойтахти жамоатчилик транспортида портлаш уюштиришда айбланаётганлар орасида икки нафар ўзбекистонлик ҳам бор.

Санкт-Петербургдаги портлаш ортидан ФСБ Россиянинг деярли барча минтақаларида “ИШИДга алоқадор террорчи ва экстремистларни” ҳибсга олаётгани кузатувчиларни шубҳалантирмоқда.

Навбатдаги 4 мигрант қамоққа олинди

Москванинг Мешчанский туман судида террорчилик амалиётини ҳозирлаганликда айбланаётган яна бир гуруҳ меҳнат муҳожири иши кўриб чиқилди.

Суд маҳкамасида келтирилган маълумотларга биноан, шу йилнинг 25 май куни Москванинг Новопеределкино мавзесида Ўзбекистон ватандоши экани айтилаётган 1993 йилда туғилган Фурқат Қушаев ва Абдушукур Гулмирзаев, 1996 йилда туғилган тожикистонлик Муҳаммадюсуф Ашуров ҳамда доғистонлик Магомед Давудовлар ФСБ махсус амалиёти пайтида қўлга олинган.

Суд қарори билан террорчиликда гумонланаётган бу йигитлар 2017 йилнинг 24 июлигача тергов якунига қадар изоляторда қолади.

- Судга 4 та иш келиб тушди: Ашуров, Кушаев, Гулмирзаев ва Давудовлар иши. Уларга 24 июлгача ҳибсда сақлаш чораси қўлланилди. ФСБ уларни “Исломий давлат”га алоқадорликда ва портлаш уюштиришга тайёргарликда айбламоқда, деди Озодликка Мешчанский туман суди расмийси Юлия Бочарова.

Суд маҳкамасидан олинган маълумотга кўра, айбланувчи Абдушукур Гулмирзаев судда унинг шериги Москвада портлаш уюштирмоқчи бўлгани тўғрисида кўрсатма берган. Мигрантлар судга юзи маска билан ёпилган, бошидан фсбчи ушлаган ҳолда келтирилганини кўриш мумкин.

Уч нафар марказий осиёлик ва бир нафар доғистонлик муҳожирнинг ҳибс этилиши ортидан Россия ФСБси расмий сайтида ҳам махсус хабар чоп этилди.

- Террорчилик гуруҳини бошқариш Сурия ҳудудида жойлашган ва Россияда тақиқланган “Исломий давлат” халқаро террорчилик ташкилоти томонидан олиб борилган. Диверсия-террорчилик актини амалга ошириб, террорчилар Сурияга “Исломий давлат” ташкилоти олиб бораётган жанговар ҳаракатларга қўшилишни режалаштириб келган, дейилади гумонланаётганларнинг ҳатто “режалари” борасида маълумот борлигини билдирган ФСБ матбуот хизмати.

Россия марказий телеканаллари ва нашрлари квартиралардан бирида “портловчи модда ишлаб чиқариш лабораторияси” аниқлангани, ушланган бу шахслардан “ясама бомба, граната, автоматик қурол-яроқ ва экстремистлар адабиёти” мусодара қилинганини хабар қилди.

(Илья Безватников тасвири)

Новопеределкинода олиб борилган операцияга гувоҳлардан бирининг Youtube порталига чиқарилган видеосида 3 кишини қўлга олишга полиция, ОМОН, ФСБ, “Тез ёрдам” ва МЧС махсус кучлари жалб қилингани айтилади.

Ҳибс этилган муҳожирларга нисбатан жиноий иш қўзғатилиши масаласи кўрилмоқда.

Судда уларга нисбатан “террорчилик амалиётини тайёрлаш” (Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 205 моддаси 2 қисми “а” банди), террорчилик ташкилотига аъзолик (РФ ЖК 205.5 моддаси 2 қисми), қурол аслаҳани ноқонуний айрбошлаш (РФ ЖК 222 моддаси 3 қисми), портловчи моддаларни ноқонуний айирбошлаш (РФ ЖК 222.1 моддаси 3 қисми) ва портловчи моддаларни ноқонуний тайёрлаш (РФ ЖК 223.1 моддаси 3 қисми) айблов қўйилаётгани маълум бўлди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

Бу саҳифада Сурия ва Ироқда тор-мор қилинаётган "Ислом давлати" экстремист гуруҳи, унинг назоратида бўлган ҳудудларда таслим бўлаётган Ўзбекистон ва бошқа давлатлардан борган жангарилар, уларнинг аёл ва болалари тақдири, ҳукуматларнинг радикал кайфиятдаги фуқаролар ортга қайтишига қарши кўраётган чора-тадбирларига оид мақолаларни ўқишингиз мумкин.

Сизда ҳам хабарлар бўлса, марҳамат, йўлланг:

Telegram, WhatsApp: +420 724 971 539

XS
SM
MD
LG