Линклар

16 декабр 2017, Тошкент вақти: 16:16

Россиянинг 4 шаҳрига 1 июндан 12 июлгача борадиганлар нималарга эътибор бериши керак?


1 июндан 12 июлгача Россияга кириб келаётган чет эл фуқаролари Москва, Санкт-Петербург, Қозон ва Сочи шаҳарларида бир сутка давомида рўйхатдан ўтиши лозим. Акс ҳолда улар мамлакатдан чиқариб юборилади.

Россия президентининг "2017-йилги ФИФА Конфедерациялар кубоги ўтказиш даврида кучайтирилган хавфсизлик чораларини қўллаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ ушбу тадбир ўтказиладиган вақтда Россиянинг 4 йирик шаҳрида чет эл фуқароларини миграция қайдига олиш (регистрация) тартиби ўзгартирилди.

Миграция қайдига туришнинг янги тартибларига оид саволлар билан Озодлик Санкт-Петербургдаги “Альянс-Трудовая миграция” компанияси юристи Елена Рибоконга мурожаат қилди.

1. 1 суткада қайддан ўтиш айтилди. Шанба, якшанба куни кириб келганлар нима қилади?

- Тўғри, чет эллик бир сутка давомида миграция қайдига турмоғи лозим. Агарда сиз шанба куни кечқурун келган бўлсангиз, якшанба куни давомида қайддан ўтишга вақтингиз бўлади. Москвада патент берадиган жой – Сахарово марказида, Санкт-Петербургда – Текстильшчики туманидаги марказлар ҳафтасига етти кун ишлайди ва миграция қайдига сиз ўша ерда туришингиз керак. Яъни, ҳам шанба, ҳам якшанба куни қайддан ўтиш имкони мавжуд.

2. Миграция қайдига турган шахсга қандай ҳужжат берилади?

- Миграция қайди тўғрисидаги ҳужжат ёки вақтинчалик регистрация. Илгари Россияга келган хориж ватандошлари 7 кун давомида қайдга туришлари лозим эди. Эндиликда,1 июнь-12 июль кунлари, улар 1 кун давомида регистрация олишлари шарт. Шунчаки, биз сиз билан “регистрация” деб ишлатадиган ибора қонун бўйича “миграция қайди” деб аталади.

3. Бу тартиб қандай ҳужжатда белгиланган?

- Бу Россия президенти фармонида акс этган. 2017 йилнинг 9 майида қабул қилинган 202-сонли "Россия Федерациясида 2018-йилги футбол бўйича Жаҳон Чемпионати ва 2017-йилги ФИФА Конфедерациялар кубоги ўтказиш даврида кучайтирилган хавфсизлик чораларини қўллаш тўғрисида”ги фармонидир.

2017-йилги Конфедерация кубоги ўйинларини снайперлар қўриқлайди
2017-йилги Конфедерация кубоги ўйинларини снайперлар қўриқлайди

4. Бундай қоиданинг жорий қилинишига нима сабаб?

- Россияда ўтказилиши режалаштирилаётган ФИФА Конфедерациялар кубоги билан боғлиқ хавфсизлик чораси ўлароқ жорий этилди. Айни ҳолат 2018 йилда Россияда бўлиб ўтадиган Футбол бўйича Жаҳон чемпионати вақтида ҳам киритилади. Хусусан, 2018-йилнинг 25-майидан 25-июлигача Москва, Санкт-Петербург, Волгоград, Екатеринбург, Қозон, Калининград, Нижний Новгород, Ростов-на-Дону, Самара, Саранск ва Сочида шаҳарларига келган чет эл фуқаролари бир кун ичида рўйхатдан ўтиши керак бўлади. Юқорида кўрсатилган шаҳарларда чемпионатлар давомида кучайтирилган назорат тизими жорий қилинади.

5. Қайдга туришнинг янги тартиблари олдингисидан яна нималар билан фарқланади?

- Энг муҳими – миграция қайдига бир сутка давомида туриш керак. Шунингдек, бизда, Петербургда, почта хизмати орқали илгари регистрация қилиш мумкин эди: Конфедерация кубоги ўтказилиши давомида почта миграция қайдларини қабул қилмайди! Шу сабабли, барча мигрантлар Петербургда - Текстилшчики, Москвада – Сахарово марказига шахсан ўзлари бориб қайдга туришлари керак. Аммо, одам кўплигини ҳисобга олиб, у ерда катта навбатлар юзага келишини ҳам инкор этмайман.

6. Агарда муҳожир қайдга туришга улгурмай қолса нима бўлади?

- Бу маъмурий қонунбузарлик бўлади. Улар Россия ҳудудидан чиқиб, қайта киришга мажбурдир.

7. Бу тартиб Россияга кириб келаётган барча хорижликка тегишлими ёки фақат миграция картасида “ишлаш учун” деб белги қўйганларгами?

- Бу тартиб Россияга кириб келаётган барча хориж гражданларига таалуқли. Айтишим лозимки, назорат кучайтирилган ҳудудларга вақтинчалик яшашга келаётган Россия гражданларидан ҳам келганидан 3 сутка давомида Ички ишлар вазирлигининг тегишли идорасига келиб, вақтинчалик қайдга туришлари зарур.

8. Президентнинг бу фармони жорий қилинган шаҳарларни санаб ўтсангиз.

- Москва, Санкт-Петербург, Қозон ва Сочи шаҳарлари.

Суҳбат сўнгида юрист Елена Рибоконь миграция қайдига туриш учун керакли ҳужжатлар рўйхатини келтирди:

1) Паспорт нусхаси (1-чи бети ва чегарани кесиб ўтганлиги тўғрисидаги белгилар қўйилган саҳифаси);

2) Миграция картаси нусхаси.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG