Линклар

Россия Ўзбекистонда берилган ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштирмаяпти


Русча ҳайдовчилик гувоҳномаси

Россия Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (ГИБДД) Ўзбекистонда берилган аксар ҳайдовчилик гувоҳномалари “халқаро Конценция”га тўғри келмаслигини таъкидлади. Автомобил назорат инспекторлари Ўзбекистонда берилган гувоҳнома эгаларидан 6 ойлик ўқув курсларида қайта ўқиб, маҳаллий ҳайдовчилик ҳужжатини олишни талаб қилмоқда.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан Озодликка WhatsApp тармоғи орқали мурожаат қилган 37 ёшли фарғоналик Акрамжон маҳаллий Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари айнан Ўзбекистонда берилган ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштиришга рухсат бермаётганини билдирди.

У автомобил назорат инспекциясида ўзбекистонликларга олти ойлик автомактаб курсларини ўқишни тавсия қилишаётганига гувоҳ бўлганини айтди:

- Праваларимизни Россияникига алмаштириб, шу ерда ишламоқчи эдик – ўзбекистонликларга мумкин эмас экан! Ҳозир биз такси бўлиб ишлаймиз-да. Санкт-Петербургда “Шоссе Революции” ЙҲХнинг имтиҳон бўлимига бугун бордик. Кўзимиз билан кўрдик – Тожикистон, Қирғизистон гражданлари медкомиссиядан ўтиб, ҳужжатларини топширишаяпти. Айнан Ўзбекистонникини қайтарвораяпти! Бизникини кўриб, “Сенларники халқаро ҳисобланмайди. Алмаштириб бера олмаймиз – сенлар мана шу ерда 6 ой қайта ўқишинг керак!” деяпти. Биз ўқисак, стажимиз йўқолиб, таксичилик қила олмас эканмиз! Бизники “международний” ҳисобланмас экан. Кимга мурожаат қиламиз энди биз!? Ўзбекистонга кетсак – у ерда иш йўқ бизга, биласиз, деди кимга арз-додини айтишни билмаётганини гапирган Акрамжон.

Суҳбатдош Санкт-Петербургда давлат корхоналари ва бошқа ташкилотлар ҳамда автобус-таксида, асосан, ўзбекистонлик ҳайдовчилар ишлашини ҳам қўшимча қилди.

Озодлик Радиоси бу вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Революция шоссеси, 85 манзили бўйича жойлашган Петербург Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига қарашли Туманлараро қайд-имтиҳон бўлимига расман мурожаат қилди.

Давлат инспектори Анна Левченко Ўзбекистонда берилган ҳайдовчилик ҳужжати алмаштириб берилмаётганини Озодликка тасдиқлади.

- Чунки Ўзбекистон ҳайдовчилик гувоҳномаси Халқаро йўл ҳаракати тўғрисидаги Конвенциясига тўғри келмайди. Ўзбекистон Халқаро Конвенция таркибига кирган, аммо ҳайдовчилик бланки Халқаро йўл ҳаракати тўғрисидаги Конвенциясининг 6 Иловасига мос келмайди. Бундай вазиятда фақат битта йўл қолади – Россия Федерацияси автомактабида ўқиш!,- деди инспектор Левченко.

Мутахассис кўрсатган Конвенциянинг “Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси” деб аталадиган 6 Иловасида ҳақиқатан миллий гувоҳномаларнинг шакли, тўлдириш қоидалари ва зарур бўлган барча бандлар номма-ном кўрсатилган.

Анна Левченко юзага келган вазиятда ишсиз қолаётган юз минглаб ўзбек муҳожирлари ҳолатини Ўзбекистон ҳукумати енгиллаштириши мумкинлигини ҳам маълум қилди.

- Агарда Ўзбекистон эртага Халқаро Конвенцияга тўғри келадиган ҳайдовчилик гувоҳномасини чиқарса, биз уни алмаштириб бераверамиз. Афсуски, ҳозирча Ўзбекистон янги гувоҳнома чиқаргани йўқ. Янги гувоҳномалар 12 ёки 14 банддан иборат, сизларникида эса фақат 11-та. Ўзбек ҳужжатида ҳалигача А,В,С,D - ҳаммада эса аллақачон А1, В1, С1, D1. Ҳар бир сўз лотинчага транслитерация қилиниши лозим. Хуллас, икир-чикирлари кўп. Ҳар ҳолда, шу ердаги мутахассис кўриб чиқиб, ҳужжат ўтиши-ўтмаслиги ҳақида хулоса чиқаради,- деди Анна Левченко.

Москва шаҳридаги Россия Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармасида ҳам Озодлик сўровига ўзбек гувоҳномалари алмаштирилмаётганини маълум қилишди.

Ўзини таништирмаган бошқарма офицери бўлимларга мурожаат қилаётганлар сони ақлга сиғмас даражада кўплигини билдириб, деди:

- Биласизми, бизга қанча одам мурожаат қилаяпти?! Бутун Ўзбекистонингиз етмайди бунча одамга! Одамларингиз ўқийди, мени билганим. Аввал права билан олдимизга келишсин – ҳар бири борасида алоҳида қарор чиқарилаяпти. Вена Конвенциясига мос келиши лозим. Ҳужжат алмаштирилмаётганлар минглаб ва минглаб! Улар ҳаммаси ўқишга бориши шарт,- деди Москва шаҳар ЙҲХБ вакили.

Халқаро йўл ҳаракати тўғрисидаги Конвенция 1968 йилнинг 8 ноябрида Вена шаҳрида қабул қилинган ва кўп ҳолларда “Вена Конвенцияси” деб ҳам аталади. Ўзбекистон Конвенцияга 1995 йилнинг 17 январида қўшилган.

2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб Россияда хориж ҳайдовчилик гувоҳномаларига эга ҳайдовчиларга давлат транспортида ишлаш тақиғи кучга киргани борасида хабар берилган эди. Ишини давом эттирмоқча бўлганлар эса Россиянинг ҳайдовчилик гувоҳномасини олиши зарур.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG