Линклар

Сиздирилган махфий ҳужжатда Россиянинг АҚШ сайлов тизимини бузишга урингани айтилмоқда


Миллий хавфсизлик агентлигининг(МХА) оммавий ахборот воситаларига сиздирилган ўта махфий ҳужжатига кўра, Россия ҳарбий разведка хизмати ҳакерлари ўтган йилги президент сайловидан олдин АҚШ овоз бериш тизимларини бузиб киришга қайта-қайта уринган.

Ҳужжат “Intercept” интернет нашрига сиздирилган ва 5 июнь куни кечроқ онлайн чоп қилингандан сўнг АҚШ прокуратураси Миллий хавфсизлик агентлиги пудратчиларидан бири ходимининг ўта махфий ҳужжатни “онлайн нашр”га сиздиргани учун ҳибсга олинганини эълон қилди.

“Intercept” нашрига кўра, махфий ҳужжатда Москвадаги ГРУ – Бош разведка бошқармасининг ҳакерлик амалиёти тавсифи келтирилади. Ушбу разведка хизмати сайловчиларни рўйхатга олувчи АҚШ хусусий ширкатлари ва маҳаллий ҳокимият идоралари ахборот тизимларига ҳужум қилган.

Ҳужжатда айтилишича, ушбу амалиёт мақсади сайловни ташкил этишда иштирок этган 100 дан ошиқ расмийга зарарли жосуслик таъминот дастури юбориш орқали АҚШ овоз бериш тизими яхлитлигига путур етказиш бўлган. Бундай ҳужумлар ойлаб давом этиб, 8 ноябрдаги сайлов арафасидагина тўхтатилган.

“Intercept” нашрига кўра, Миллий хавфсизлик агентлигининг Оқ уйга юборилганҳисоботига 2017 йил 5 май санаси қўйилган ва у Россиянинг АҚШ сайловига таъсир ўтказишга уринишлари тўғрисида жамоатчилик ёки матбуотга ошкор қилинаётган энг янги ҳужжатдир.

Нашр вакиллари ҳужжатни қандай қўлга киритганини ошкор қилмади, аммо у ҳақдаги хабар интернетда пайдо бўлганидан сўнг кўп ўтмай, прокуратура Миллий хавфсизлик агентлиги пудратчисига ишлаётган 25 яшарРеалити Лей Уиннернинг “5 май ёки шунга яқин” сана қўйилган ўта махфий ҳужжатни сиздиргани учун ҳибсга олинганини билдирди. Хабарда айтилишича, Уиннер Жоржия штатидаги объектда 3 июнь куни қўлга олинди.

Дастлабки айбловга кўра, Уиннер мазкур ҳужжатни чоп қилган 6 кишидан бири бўлган ва у электрон почта орқали оммавий ахборот воситалари билан алоқа қилган. Айблов унинг айнан қайси нашр билан боғлангани айтилмаса-да¸Рейтер бунинг айнан “Intercept” эканини хабар қилди.

“Intercept” матбуот котиби Вивиан Сю МХА ҳужжатининг аноним манбадан келгани ва манба шахсига оид “ҳеч нарса билмаслиги”ни айтди. У яна МХА ҳужжатнинг чоп этилишига қаршилик қилгани¸ сўнгра уни қисқартиришни сўрагани ва “Intercept” ҳужжатнинг айрим ўринларини таҳрир қилишга рози бўлганини маълум қилди.

Эълон қилинган махфий ҳужжат Россиянинг сайлов натижаларини Трамп фойдасига оғдириш мақсадида серверларни бузиб кириш ва ëлғон ахборот тарқатиш ҳаракатларини шахсан Путин йўналтириб тургани ҳақидаги айбловларни янада кучайтирди.

Ушбу хабар Путин кейинги қатор интервьюларида АҚШ сайлов жараёнига аралашиш уринишларига оид айбловларни қайта-қайта рад этгандан орадан бир неча кун ўтиб пайдо бўлди. Россия президенти бу интервьюларидан бирида россияликларнинг ҳакерлик қилгани эҳтимолини рад этмаган ҳолда¸ уларнинг ҳукуматга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини иддао қилган эди.

МХА ҳисоботида билдирилишича, “Россия Қуролли кучлари Бош штабининг Бош разведка бошқармаси (ГРУ) ходимлари... АҚШнинг номи зикр этилган компаниясига қарши 2016 йил августида кибержосуслик амалиётини ўтказган, бундан сайловга дахлдор компютер дастурлари ва янги технологияларга оид маълумотларни олиш мақсади кўзланган.

Амалиёт қанчалик муваффақиятли ўтказилгани ва қандай маълумотлар ўғирлангани маълум эмас, дейилади ҳисоботда.

Яна қайд этилишича, президент Барака Обама 2016 йил сентябрида Путинни АҚШ сайлов жараëнига аралашмасликдан огоҳлантирган бўлса ҳам, сайлов тизимларига қарши ҳакерлик ҳужуми октябрь ойига охиригача давом этган.

XS
SM
MD
LG