Линклар

16 декабр 2017, Тошкент вақти: 02:46

Украина президенти: ЕИга визасиз режим - биздан Россия империясига “алвидо”!


Украина Президенти Петро Порошенко

Украиналиклар 11 июнь куни эрталабдан, расман, Европа Иттифоқига визасиз бориб-келиш ҳуқуқига эга бўлди. Мамлакат президенти ушбу қадамни “Россия империяси билан сўнгги “хайрлашув”, дея олқишлади.

Президент Петро Порошенко 11 июнь куни Украина билан Европа Иттифоқи ўртасида визасиз режим кучга киришидан олдин - кундузги соат 12 дан бошлаб, соатни тескари санашни бошлаш маросимида нутқ сўзлади.

“Бу Россия империясига сўнгги “хайр”имиз бўлади. Бундан буён “СССРга қайтиш” деган сўзларни фақат “Битлз” ансамблининг қўшиғини тинглаётганда эшитиш мумкин. Энди ҳеч қачон Совет Иттифоқига қайтмаймиз, чунки биз мағрур ва эркин демократик мамлакат сифатида Европа миллатлари оиласига қайтяпмиз. Мен шу ишни уддалаганимиздан фахрланаман”, деди Украина президенти.

Украинанинг чегара хизмати расмийлари янги қоидалар кучга кириши билан чегара пунктларидан ўтувчи йўловчилар оқими 30 фоизга ошишини кутмоқда.

Европа Иттифоқининг Украинадаги делегацияси раҳбари Ҳюг Мингареллининг маълум қилишича, украиналиклар “ҳеч бир виза талабисиз Ғарбий Европанинг 33 мамлакатига сафар қилиш имконига эга бўлади”.

Яъни, биометрик паспорти бўлган Украина ватандошлари 180 кунлик муддат мобайнида Ирландия ва Буюк Британиядан бошқа Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларга ҳеч бир визасиз 90 кунга бориб келиши мумкин. Ушбу қоида ЕИга аъзо бўлмаган, аммо Шенген зонасига аъзо мамлакатлар: Норвегия, Исландия, Лихтенштейн ва Швейцарияга ҳам тегишли.

Порошенконинг ўтмишдоши Виктор Янукович 2014 йили ЕИ билан яқин алоқалар ўрнатиш режасини имзолашдан бош тортгандан сўнг, Европа тарафдорларининг оммавий норозилик намойишлари бошланган ва натижада у ҳокимиятдан четлатилган эди.

ЕИнинг ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Федерика Могерини ҳам бу ҳодисани олқишлади:

“Бугун биз Украина ва Европа Иттифоқи халқлари ўртасидаги тўсиқни ўртадан олиб ташлаяпмиз. Бундан буён мамлакатларимиз ўртасида қисқа муддатли сафарлар учун виза талаб қилинмайди. Бу ишни уддаладик, биргаликда уддаладик. Украина ватандошлари улардан талаб қилинган ислоҳотларни амалга оширди. Мана энди биз Европа Иттифоқида туриб, берган ваъдамизни бажардик”, деди ЕИ мулозими.

XS
SM
MD
LG