Линклар

16 декабр 2017, Тошкент вақти: 16:17

Эрдўғон Қатарнинг қамал қилинишини "Ислом қадриятига зид" деб баҳолади


Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон.

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон Қатарнинг араб давлатлари томонидан қамал қилинишини “ноинсоний ва Ислом қадриятларига зид кўриниш”, деб баҳолади.

Сешанба куни парламентда чиқиш қилган Эрдўғон Саудия Арабистони Қатар атрофидаги вазиятни барқарорлаштириши лозим, деб ҳисоблашини айтди.

Саудия, Бирлашган Араб Амирликлари, Миср ва Баҳрайн 5 июнь куни Қатарни террорчиларни қўллашда айблаб, дипломатик алоқаларни узган эди. Шунингдек, Қатар араб давлатлари томонидан ҳаво қамали қилинган шароитда яшамоқда.

Туркия ва Эрон Қатар ҳимоясига чиқмоқда ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бераяпти. Куни кеча Қатарга Эрон 5та самолётда озиқ-овқат ва сув етказиб бергани хабар қилинган эди.

9 июнда Саудия Арабистони етакчилик қилаётган давлатлар “Қатарга алоқадор террорчилар” рўйхатини эълон қилган.

Мазкур рўйхатга 59 нафар шахс, жумладан, “Мусулмон биродарлари” гуруҳининг Мисрдаги етакчиси Юсуф ал-Қарадавий ҳамда Қатар молиялаштирадиган 12 хайрия ташкилоти киритилган.

Қатар ҳукумати бу айбловларни рад этиб, мамлакат терроризмга қарши кураш бўйича БМТ тадбирларида иштирок этишини айтиб келади.

XS
SM
MD
LG