Линклар

Мирза Азизов: 2010 йил 13 июнида мен Ўшда қайта туғилганман


Ўзбекистон Халқ артисти Мирза Азизов Ўшдаги Амир темур шаҳарчасидаги муҳлислари билан.

Ўшда сўнгги 25 йилда биринчи маротаба амалга оширилган Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали драма ва комедия театрининг бир ҳафталик гастроллари якунланиши муносабати билан Озодлик мухбири билан суҳбатлашган театр директори, Ўзбекистон Халқ артисти Мирза Азизов “2010 йил 13 июнида мен Ўшда қайта туғилганман”, деб айтди.

-2010 йилда қайсидир реакцион кучлар икки покиза халқ-ўзбек ва қирғизни уруштиришга ҳаракат қилганига мен гувоҳ бўлганман. Ўшанда Ўшга меҳмондорчиликка келган эдим. Бирдан низо бошланиб, мен бу ерда 4 кун қолиб кетдим. Ўшанда мени ҳозир Қирғизистон Ички ишлар вазири лавозимида ишлаётган генерал –майор Курсан Асанов қутқариб чиққан эди. У киши нафақат мени, балки кўплаб талабаларни, Ўшга хизмат сафри билан келган ўнлаб одамларни ҳам қутқариб қолди. Мен Курсан Асановга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ўшанда 13 июнь куни мен Ўшда қайта туғилдим, десам ҳам бўлаверади, - деди Мирза Азизов.

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги маданий алоқаларнинг тикланиши ортидан ўзбек ва қирғиз халқаларининг биродарлиги янада мустаҳкамланади, деган ишончда.

Театр санъаткорлари гастроллар ёпилиши арафасида Ўшнинг Амир Темур шаҳарчасида қирғиз санъаткорлари билан биргаликда дўстлик концертини ҳам уюштирганларини айтди Мирза Азизов:

- Инсонларнинг қалбига эзгулик экишда маъанавиятни,маданиятни, маърифатни, санъатни жудаям ўрни катта. Шу маънода биз у ердан Ботир Эргашев қаламига мансуб қирғиз-ўзбек, ўзбек-қирғиз дўстлигига атаб махсус қўшиқлар қилдирдик. Мана шу қўшиқни айтганда қирғизу-ўзбек ўрнидан туриб, кўзида ёш билан қарсак чаляпти.Бу қўшиқда шундай бир маъно борки, Манас Ўзбекистонда қандай машҳур бўлса, ўзбеклар ундан қандай маънавият топишса, Алпомиш бобомиздан қирғизлар ҳам ҳудди шундай манавият, маърифат топади. Шунинг учун ҳам бизни келишимиз бу дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлади,деб ўйлайман. Дўстлигимизга ўзимизнинг кичкина бўлса ҳам ҳиссамизни қўшдик, - деди Мирза Азизов.

Муқимий номидаги театрнинг гастроллари Ўшда 6 июнь куни бошланган эди. Бу ерда ўзбек санъаткорлари Ўш шаҳрида ва вилоятнинг қатор туманларида “Жайдари келин” спектаклини намойиш этдилар.

Муқимий театри директори Мирза Азизов гастрол ёпилиши арафасида “Қирғизистон Республикаси маданият аълочиси” нишони билан тақдирланди.

- Гастрол сафаримизнинг ёпилиш маросимида биз бир-биримизни табрикладик. Ўшанда, Қирғизистон Маданият вазирлигининг “Маданият аълочиси” медали билан тақдирландик. Бу, албатта, мен учун берилган медал эмас, бу “Муқумий” театри учун, ўзбек санъати учун берилган мукофотлар деб биламиз. Албатта, биз Худо хоҳласа, келажакда иккита улуғ президентларимиз сабаб борди-келдиларимизни янада кучайтирамиз, -деди Мирза Азизов.

Мирза Азизов ўзбекистонлик санъаткорлар нафақат Ўшдаги Бобур номидаги ўзбек академик театри билан, балки Бишкекдаги санъат даргоҳлари билан ҳам ҳамкорлик қилиш умидида эканини айтди:

- Борди келдиларимизга кўз тегмасин. Биз нафақат Бобур номидаги академик мусиқали драма театри билан, балки Бишкекдаги ва бошқа-бошқа қирғиз драма театрлари билан борди - келдиларимизни энди давом эттирамиз. Бизда бир умр Чингиз Айтматовнинг асарларибарча театрларимизда жуда катта бир кўтаринки рухда саҳналаштирилган. Албатта, ўзбек драматурглари асарлари қирғиз саҳналари юзини кўрган. Мана шу ишларни яна давом эттирсак, бу дўстликка хизмат қилади. Эзгуликка хизмат қилади, -деди Муқимий театри раҳбари Мирза Азизов.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG