Линклар

17 декабр 2017, Тошкент вақти: 16:54

HRW: Россия қурилаётган ўйингоҳларда ишчилар эксплуатация қилинмоқда


Санкт-Петербургда қурилаётган Зенит-Арена стадиони

Футбол бўйича жаҳон чемпионати ва Конфедерациялар кубоги ўйинлари ўтказиладиган Россиядаги стадионлар қурилишида ишчилар эксплуатация қилинмоқда. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари Human Rights Watch ташкилоти баёнот берди.

Ташкилот ҳисоботига кўра, 6 та ўйингоҳ қурилишида ишлаётган қурувчиларга иш ҳақи вақтида берилмаган ёки умуман берилмаган, шунингдек, ишчилар минус 25 даражали совуқда қўшимча ҳимоя воситаларисиз ишлашга мажбурланган.

Кўплаб ишчилар меҳнат шартномасисиз ишлатилган. Human Rights Watchга қурилишларда 17 киши ўлгани маълум. Санкт-Петербургдаги стадион қурилишида Шимолий Корея фуқаролари ишлатилгани, уларнинг пули Шимолий Корея ҳукумати ҳисобига ўтказилгани тўғрисидаги маълумотлар қўлга киритилган.

Human Rights Watchга кўра, Россия маъмурлари стадионлар қурилишида мониторинг ўтказишга рухсат бермаган. Ташкилот Халқаро футбол федерацияси ва Россия расмийларини стадионлар қурилишидаги мавжуд меҳнат шароитларига оид маълумотларни матбуотда эълон қилишга чақирди.

Москва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг ишчилар ҳуқуқлари бузилаётганига оид айбловларини инкор этмоқда.

Россияда Футбол бўйича жаҳон чемпионати 2018 йили бўлиб ўтади. Конфедерациялар кубоги ўйинлари эса, 17 июнда бошланади.

XS
SM
MD
LG