Линклар

Роберт Мюллер Трамп Россия бўйича терговга тўсқинлик қилган-қилмаганини текширмоқда


Дональд Трамп

АҚШ махсус прокурори Роберт Мюллер президент Дональд Трамп АҚШ сайловига Россия аралашуви ҳақидаги Федерал тергов бюроси (ФТБ) терговига тўсқинлик қилган-қилмаганини текширмоқда. Бу ҳақда 14 июнь куни Washington Post газетаси хабар қилди.

Хабарда ёзилишича, Мюллер Трамп ФТБ терговининг бир бўлагини тўхтатиб қўйгани ҳамда бунинг ортидан ФТБ директорини ишдан олиш орқали адолат ўрнатилишга тўсқинлик қилгани ёки йўқлигини текширади. АҚШда адолат ўрнатилишига тўсқинлик қилиш жиноят ҳисобланади.

Хабар муаллифларининг исми ошкор қилинмаган расмийларга таянган ҳолда ёзишича, Мюллер тергови Трамп собиқ ФТБ директори Жеймс Комини ишдан олишидан кейин бир неча кун ўтиб очилган.

Россия АҚШ Демократик партияси электрон мактубларини ёйинлаш орқали сайловга ўз таъсирини ўтказишга урингани бўйича тергов деярли бир йил аввал бошланган эди.

Ўтган ҳафтада Коми Сенат хавфсизлик қўмитасида ўтказилган эшитувларда Трамп Россия бўйича тергов ўзига маъқул келмагани учун уни ишдан ҳайдаганини айтди. Трамп эса буни дарров рад этди.

Коми яна Трамп унга собиқ хавфсизлик маслаҳатчиси Майкл Флинн устидан очилган терговни бекор қилиш йўлида босим ўтказганини айтганди. Washington Post хабарида ёзилишича, Мюллер ушбу ҳолатни ҳам тергов қилмоқда.

XS
SM
MD
LG