Линклар

Ташқи ишлар вазирлиги ватандошлар вазирдан нимани сўрашини аниқлади


Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати вазирлик раҳбари Абдулазиз Комилов 5 июлда ўтказадиган ватандошлар билан мулоқотига тайёргарлик тўғрисида маълумот берди.

Маълумотга кўра, ташқи ишлар вазири ватандошларимиз билан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказиши тўғрисида интернет сайтларида эълон қилингандан сўнг, вазирликнинг виртуал қабулхона, muloqot@tiv.uz электрон манзили, Фейсбукдаги саҳифаси ҳамда Телеграмдаги каналига хатлар кела бошлаган.

Келиб тушган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатдики, уларнинг асосий қисми қуйидаги масалаларга тегишли:

- ҳужжатсиз ва молиявий таъминотсиз қолган хориждаги фуқароларимизнинг ватанга қайтишлари;

- ота-оналари хорижда яшириниб юрган болаларни боқиш учун алимент ундириш;

- Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетган ота-оналарни излаш;

- бошқа давлатларда судланган фуқароларга ёрдам кўрсатиш;

- ватандан йироқда вафот этган фуқаролар жасадини қайтариш;

- хорижга чиқишда ёрдам бериш;

- Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш;

- ТИВ тизимига ишга жойлашиш.

Маълумотда айтилишича, келиб тушган саволлар орасида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий фаолияти билан боғлиқ масалалар ҳам анчагина. Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан муносабатлари, жумладан ташқи чегаралар делимитацияси ва демаркациясининг боришига оид мавзулар кўпроқ қизиқиш уйғотмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон терма жамоасининг сўнгги халқаро ўйинлари натижаларидан ранжиган футбол мухлислари номидан ҳам мурожаат келиб тушган.

"Барча мурожаатлар рўйхатдан ўтказилиб, вазирга маълум қилинмоқда ва унинг шахсий назоратига олинмоқда. Ўрнатилган тартибда кўриб чиқилгач, фуқароларга расмий жавоблар ва тегишли изоҳлар берилади", дейилади ТИВ матбуот хизмати маълумотида.

2017 йилнинг 5 июль куни Тошкент вақти билан соат 14.00 дан 16.00 га қадар ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистондаги ва хориждаги ҳамюртлар билан учрашув ўтказиши ва уларнинг саволларига жавоб бериши ҳақида аввал хабар берилганди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирига саволларингизни Озодлик орқали ҳам беришингиз мумкин.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG