Линклар

Трамп Кубага нисбатан сиёсатини кескинлаштирди


АҚШ президенти Доналд Трамп Кубага нисбатан сиёсатини кескинлаштирган, лекин бу мамлакат билан дипломатик муносабатларни узмаган.

Флорида штатининг Майами шаҳрида қилган чиқишида Трамп Барак Обама маъмуриятининг Вашингтон ва Гавана ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш ҳақидаги Куба билан бир томонлама тузилган битимини бекор қилишини маълум қилди.

Трамп бу қарори билан америкаликларнинг Кубага сафар қилишларини яна қийинлаштирди ва америкалик ширкатларнинг Кубадаги ширкатлар билан амалий алоқаларини чеклади.

АҚШ фуқаролари фақат сайёҳлик ширкатлари воситачилигида Кубага сафар қилишлари мумкин.

2014 йил охирида АҚШ ва Куба 50 йиллик узилишдан кейин дипломатик муносабатларни тиклашга киришганди.

Трамп Куба ҳукуматидан мухолифатчилар ҳуқуқлари бузилишини тўхтатиш, сиёсий маҳбусларни озод қилиш, айбсиз инсонларни панжара ортига жўнатишни бас қилиш, сиёсий ва иқтисодий эркинликларга йўл очиш ва АҚШ қонунчилиги таъқибидан яширинаётган шахсларни қайтаришни талаб қилди.

XS
SM
MD
LG