Линклар

11 декабр 2017, Тошкент вақти: 14:38

18 июнь куни Украина пойтахтида режалаштирилган гей-парадда 2 ярим минг киши иштирок этди. Шу куни жинсий озчиликларга қарши бўлган гуруҳлар акцияси ҳам бўлди. Ҳар икки тадбир кўпсонли полиция ходимларининг кучайтирилган назорати остида ўтказилди.

"Тенглик марши" деб номланган тадбир Киев марказидаги Тарас Шевченко боғида маҳаллий вақт билан эрталабки соат 10да бошланди ва қарийб 1 соат давом этди.

Аввалига гей-парад ташкилотчилари боғ яқинидаги кўча бўйлаб юриш ўтказишни режалаган эди.

Аммо, Тарас Шевченко боғи яқинида жинсий озчилик вакилларига қарши бўлган миллатчи гуруҳлар ҳам акция уюшитиргани ва боғни ўраб олгани боис, кўча юриши режаси амалга ошмади.

Жинсий озчиликка қарши бўлганлар акциясида 100га яқин одам қатнашди. Бир неча миллатчи фаол жинсий озчиликлар рамзи бўлган камалак рангидаги байроқларга намойишкорона ўт қўйди.

Полиция кордонидан ўтиб, гей-парад иштирокчилари орасига киришга уринган аксил-гей акцияси иштирокчиларидан 6 нафари ҳибсга олинди.

Киев полицияси берган маълумотга кўра, ҳар икки тадбирни 5 ярим мингга яқин полиция ходими назорат қилган.

Гей-парадда Швейцария ва Исроилдан борган жинсий озчилик фаоллари қатнашди. Бундан ташқари, Буюк Британия ва Канаданинг Украинадаги элчилари ҳам парадда иштирок этиб, ўз таассуротларини ижтимоий тармоқларда улашди.

Украина Ички ишлар вазири ўринбосари Анастасия Деяева: "Мен куч ишлатар тузилмаларнинг ишидан жуда қониқдим. Давлатимиз инсон ҳуқуқлари, ўзаро тенгликни таъминлаш йўлида шу нуқтагача етиб келди ва бу жуда яхши натижадир", деди Озодлик билан суҳбатда.

Киевдаги гей-парад 2014 йилда мамлакат ҳокимиятига Европа Иттифоқига тарафдор бўлган янги ҳукумат келганидан буён ўтказилган энг катта параддир.

Бунга қадар Россияга мойил эски ҳукумат бундай тадбирларни тақиқлаган эди.

Киевда ўтган йили ҳам жинсий озчиликлар паради ўтказилган ва унда мингга яқин одам иштирок этган. Ўтган йилги тадбирни ҳам 5 ярим полициячи ва 1 минг 200 ҳарбий аскар қўриқлаган.

XS
SM
MD
LG