Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:52

Москва ҳарбий суди яна беш муҳожирни "ҳизбчилик"да айбдор деб топди (ФОТО, АУДИО)


Судланган "ҳизб"чилар суд залида
Судланган "ҳизб"чилар суд залида

Москвада суд 5 нафар марказий осиёлик муҳожирни “Ҳизб ут-Таҳрир” ташкилотига аъзоликда айбдор деб топиб, 15 йилдан 18 йилгача озодликдан маҳрум қилди. Суд муҳожирларни "террорчи" деб ҳукм чиқарган бўлсада, улар қўйилган айбловларнинг барчасини рад этмоқда. Ҳимоячилар “ҳизбчилик” билан боғлиқ бу иш юзасидан юздан ортиқ асосан ўзбек ва тожиклар терговга тортилгани, улардан 22-таси озодликдан маҳрум этилганини билдирмоқда.

Москва округ ҳарбий суди Россияда тақиқланган "Ҳизб ут-Таҳрир ал-Исломия" диний-сиёсий ташкилот аъзоси бўлган 5 муҳожирни жами ҳисобда 81,5 йилга қамади.

Ҳарбий суд матбуот хизматининг Озодликка берган маълумотга кўра, Амирхон Нўмонжонов, Алишер Ҳусейнов, Суҳроб Иронов, Наимжон Хўжаев ва Мирзобаҳоваддин Қурбоновлар тақиқланган ташкилотда аъзоликда айбланиб, 15 йилдан 18 йилгача қаттиқ режимли колонияга жўнатилди.

Суд маҳкамаси тафсилотидан маълум бўлишича, 2015 йилнинг октябрида 100га яқин асосан Ўзбекистон ва Тожикистон ватандошлари бўлган муҳожир орқасидан Россия ИИВ ва ФСБси кузатув олиб борган ва улар терговга тортилган.

Махсус амалиёт пайтида улардан 22 нафари Москвадаги "Ҳизб ут-Таҳрир" партиясига аъзоликда айбланиб қўлга олинган.

Суд жараёни тафсилотини Озодликка ёритиб берган адвокат Тимофей Широковнинг айтишича, Москванинг Коптево туманидаги квартиралардан бирида бу ташкилот олиб борган йиғинлардаги суҳбатлар махсус кучлар томонидан аудио ва видеога ёзиб борилган.

Ҳимоячи Тимофей Широков қўлга олинганлардан 17 нафари 2016 йилда террорчилик ташкилотига аъзоликда (РФ ЖК 205.5 моддаси 2 қисми) айбдор деб топилиб, тўрт йилдан етти йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилганини эслатди.

У бу гуруҳнинг 5 нафари ташкилот тузганликда айбдор топилиб, мисли кўрилмаган қаттиқ жазо олганини Озодликка айтади:

- Бундай муддатлар ҳатто Совет даврида берилмаган: энг кўпи билан 15 йиллик жазо муддати мавжуд эди. Қамалган йигитлар оддий муҳожирлардир, ҳаммасининг миллати ўзбек ёки тожик. Негадир ҳозирги Россияда шу фаррош, курьер ва қурувчилар давлат учун хавф туғдираяпти, деган фикр урчиди. “Ҳизб ут-Таҳрир”га аъзоликда айбланаётганларга “террорчилик” моддасини қўйиш ҳам “урф” бўлди. Россия “ҳизбчилар”ни “террорчи” деб атаётган дунёда ягона давлат. Масалан, ҳатто Ўзбекистон ва Тожикистонда бу ташкилот “экстремистик” деб тан олинади. Ваҳоланки, бу ташкилот бирорта ҳам терактга алоқадорлиги исботланмаган, деди адвокат Широков.

Суҳбатдошнинг айтишича, тергов давомида унинг ҳимоясидагиларга терговчилар томонидан "ўз айбига иқрор бўлиш" таклиф қилинган.

Суд бу бешовлонни йиғинлар уюштирганликда, диний мавзуга оид суҳбат қурганликда, "ҳизб" ғояларини тарғиб этганликда айбдор деб топди.

Адвокат Тимофей Широков билан тўлиқ суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:31 0:00
Бевосита линк

Москва округ ҳарбий суди Тожикистон ватандоши Амирхон Нўмонжоновга 15 йилга, Алишер Ҳусейновга 15,5 йил, Мирзобаҳоваддин Қурбоновга 16 йил,Наимжон Хўжаевга 17 йил ва Суҳроб Ироновга 18 йиллик қамоқ жазоси тайинлади.

Суд, шунингдек, айбланувчиларга 130-150 минг рубл жарима ҳам солди.

Залда ўтирган айбланувчилар яқинлари суд қароридан мутлақо норози эканини билдирди.

Суд маҳкамасида "Мемориал" ташкилоти номидан кузатувчи бўлиб борган ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев Россияда қотиллик учун бундай қаттиқ жазо тайинланмаслигини гапирди.

У ўзининг Фейсбук саҳифасида айбланувчи Алишер Ҳусейновнинг онаси суд қарори ўқилганидан кейин "Болаларимиз террорчи эмас!" дея қичқирганини ёзди.

Адвокат Тимофей Широков охирги пайтларда Россиянинг кўплаб минтақаларида “ҳизбчиликда” айбланиб қўлга олинганлар устидан намойишкорона суд маҳкамалари ўтказилганини маълум қилди.

У “хатар гуруҳига” биринчи навбатда марказий осиёлик диндорлар киритилгани бежиз эмаслигини тушунтиришга уринди.

Адвокат Т.Широковнинг ҳимоя сўзи
Адвокат Т.Широковнинг ҳимоя сўзи

- Ўзларининг турмуш-тарзига мувофиқ, бирор жиноий уюшмага аъзо бўлмасдан ҳам Россияда олиб борилаётган тергов услубларига кўра, улар “хавфли одамлар” қаторига киритилаётир. Бир томондан тергов одамларни диний айбловлар билан қамаяпти, бошқа томондан “шаҳидлар” ва “азият чекувчилар” сонини кўпайтирмоқда. Биз суднинг бу қарори устидан шикоят қиламиз, деди ҳимоячи Тимофей Широков.

“Ҳизб ут-Таҳрир ал-Исломия” 2003 йилда Россия Олий суди томонидан "террорчи" ташкилот дея эълон қилинган.

2016 йил - 2017 йилнинг биринчи ярми давомида Челябинск, Симферопол, Боғчасарой, Канаш, Чебоксари, Пенза, Қозон, Бугульма, Москва, Санкт-Петербург, Ленинград вилояти ва бошқа кўплаб минтақаларда “ҳизбчилик”да айбланиб, юзлаб одам тергов қилинди ва қамоққа ташланди.

2016 йилнинг 26 апрелида Россияга қўшиб олинган Қрим Олий суди “Ҳизб ут-Таҳрир”ни “Украина диверсия ва айғоқчи ҳаракатларига алоқадорликда” гумонлаб, тақиқлаган эди.

Россия - бу диний партияни “террорчи” деб эълон қилган ягона давлат.

“Ҳизб ут-Таҳрир” тарафдорлари сиёсий ва сайлов йўллари билан ҳокимиятни эгаллаш, ҳалифалик тузиш ва “исломий ҳаёт” тарзи ва тизимини жорий этишни ўз мақсади деб билади.

“Ҳизб ут-Таҳрир” барча Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистонда “экстремистик” ташкилот сифатида қонун томонидан тақиқланган.

XS
SM
MD
LG