Линклар

Шошилинч хабар
16 январ 2021, Тошкент вақти: 16:27

Қирғизистон Олий суди мухолифатчига мамлакатни тарк этишни тақиқлади


Чўлпўн Жакупова ўзбек қочқинларига ҳам кўплаб ҳуқуқий ёрдамларни кўрсатган.

Қирғизистон Олий суди мухолифатидаги таниқли ва таъсирли сиёсатчилардан бири бўлган Чўлпўн Жакупованинг мамлакатдан чиқишини тақиқлади.

Қирғиз парламентининг собиқ депутати, “Адилет” ҳуқуқ ҳимояси клиникаси раиси Чўлпўн Жакупованинг мамлакатдан чиқишига тақиқ Олий суд томонидан 19 июнда қабул қилинганини Олий суд матбуот котиби Айнура Тўктўшева расман тасдиқлади.

- Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича коллегияси назорат тартиби асосида қўзғатилган ишни қараб чиқиб, Чўлпўн Жакуповага мамалакатни тарк этишни тақиқлади. Бу ҳақда Бишкек шаҳар Октябрь туман суди 26 апрелда, Бишкек шаҳар суди 18 майда ажрим қабул қилган эди, -деди Айнура Тўктўшева.

Қирғизистон бош прокурори Индира Жолдубаева апрель ойида Чўлпўн Жакуповани президент Алмазбек Атамбаевни ҳақорат қилди, деган айблов билан судга мурожаат қилган эди. Бунга мухолифатчи Чўлпўн Жакупованинг Бишкекда ўтган давра суҳбатида президент Атамбаевни танқид қилгани сабаб бўлган. Жакупованинг танқидий фикрини чоп этгани учун Zanoza.kg сайти, журналистлар Дина Маслова ва Нарин Айип ҳам судга тортиилган эди.

Расмий маълумотларга қараганда, ҳозирча президентни ҳақорат қилганлик бўйича жиноят ишлари бўйича судлар якунланмаган. Шу сабабдан Олий суд фақат айбланувчиларни мамлакатни тарк этишига қўйилган тақиқ масаласини кўриб чиққан.

Чўлпўн Жакупова ўзининг хориж давлатларига боришига қўйилган тўсиқни сиёсий босим сифатида қабул қилишини айтар экан:

-Маълумки, Олий суднинг қарори якуний, ҳал қилувчи қарор ҳисобланади. Ҳали асосий иш кўриб чиқилгани йўқ. Ҳозирча фақат мамлакатдан чиқишга қўйилган тақиқ кўриб чиқилди. Бу якуний қарор бўлгани учун бу қарор қайта кўриб чиқилишини талаб қилиб бўлмайди, -деб билдирди.

Қирғизистон бош прокурори мухолифатчи Ўмурбек Текебаевнинг президент коррупцияга аралашгани тўғрисидаги иддаоларини ёритгани учун Озодлик радиоси қирғиз хизмати – Азаттик радиосини ҳам судга берган эди.

Бироқ президент Атамбаев бош прокурордан Азаттик радиосига нисбатан судга киритилган даъво аризасини қайтариб олишни илтимос қилган.

Шундан сўнг 31 май куни бош прокуратура Азаттикка нисбатан аризасини суддан қайтариб олган эди. Ўмурбек Текебаев эса коррупцияда айбланиб қамоққа олинган ва ҳозирда ҳам ҳибсда қолмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳукмрон социал-демократлар партияси вакили, парламент депутати Бакит Жетигенов Чўлпўн Жакуповага нисбатан суд жараёни сиёсий буюртма деган гапларга қўшилмайди.

- Президент айрим ахборот воситаларига нисбатан билдирилган даъволарни суддан қайтариб олди. Шунинг учун бу суд жараёнлари буюртма асосида ўтказилаяпти, деган гап тўғри эмас. Судлар қонун асосида қарор қабул қилишаяпти, - деди Бакит Жетигенов.

Чўлпўн Жакупова сўнгги 15 йилдан бери “Адилет” ҳуқуқ ҳимояси клиникаси раҳбари лавозимида ишлаб келмоқда. У 2015 йилда “Бир Бол” партиясидан парламент депутатлигига сайланган. Бироқ 2017 йилнинг 1 январида Конституцияга ўзгартишлар киритилишига норозилик сифатида депутатлик мандатини намойишкорона топшириб, депутатлик ваколатидан воз кечган.

Шарҳларни кўринг (2)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG