Линклар

Ўзбекистонлик таксичи йўқолган 100 минг рублни эгасига қайтариб берди (АУДИО)


Пулни қайтарган йигитнинг исми номаълумлигича қолмоқда

Москвада ўзбекистонлик таксичи салонида қолдириб кетган 100 минг рубл (тахминан 1700 АҚШ доллари) ва бошқа ҳужжатларини мижозига қайтариб берди. Асли кировлик бўлган йўловчи Павел Шапкин таксичи йигит билан селфи тушгани, аммо хурсандлигидан ҳатто унинг исмини сўраш ёдидан кўтарилганини Озодликка гапирди.

Шу йилнинг 17 июн куни Москвада кўчада такси тўхтатган россиялик Павел Шапкин манзилга етиб, шошилганидан машинанинг орқа ўриндиғида ҳамёнини қолдириб кетади.

Бироқ, бирмунча вақт ўтиб, ҳамёни ва ичидаги пул ҳамда бошқа қимматбаҳо буюмлар Ўзбекистонлик экани аниқланган номаълум таксичи томонидан қайтариб берилди.

Павел Шапкин ўзининг “Инстаграм” саҳифасида бу ҳодисани қуйидагича тасвирлайди:

- Вазиятни тўлиқ тасвирлаш учун мен ҳамён ичида тахминан 100 000 рубл (қарийб 1700 АҚШ долл.) ва яна бор пулим турган барча карталарим борлигини айтишим керак. Мен уни қаерда туширганимни ҳатто тасаввур қила олмасдим.

Бир вақт қўнғироқ жиринглаб, оддий ўзбекистонлик йигитча ҳамёнимни топгани ва уларни қайтармоқчи эканини билдирди. У буни ота-онасидан шундай тарбия олгани билан изоҳлади, - деб ёзди кировлик Павел Шапкин.

У ўзбек муҳожирининг хат-ҳаракатидан қаттиқ таъсирлангани ва у билан ҳатто фотосуратга тушганини билдирди.

- Мен ич-ичимдан таъсирландим. Ахир унга ҳам бу пуллар ортиқчалик қилмаслигини тасаввур қила оласизми? Оиласи ва ёш аёли учун ҳам. У эса мени топди ва ҳаммасини қайтарди. Таърифлашга тил ожиз, - деб ёзди Павел Шапкин.

Озодлик билан суҳбатда Павел Шапкин ўша куни Хитойдан хизмат сафаридан келаётгани ва умрида биринчи маротаба бундай катта миқдорда нақд пулни ўзи билан олиб юрганини маълум қилди.

У ўзбекистонлик ҳайдовчи унинг ҳамёнидаги визиткасини карточкаларда кўрсатилган исми билан солиштириб, телефон рақамини аниқлаганини гапириб берди.

- Вокзалга пулни олиб келганида у Ўзбекистондан экани, Москвага рафиқаси билан келгани, Россияда ҳеч кими йўқлиги, шаҳарда таксичилик қилаётганини аниқладим. Фотосуратда орқамизда турган “Лифан” машинаси уники. Бу ҳодиса яхши одамлар борлигига яна бир исбот! Ахир бундай вазиятда ҳар бир одам нафси билан курашга киришади. У менга бундай қарорга осон келгани – ота-онасидан шундай тарбия олганини айтди, деди Павел Шапкин.

Тармоқда эълон қилинган қахрамоннинг Ленинград вокзалидаги фотосурати ва битилган шарҳга кўплаб мухлислардан раҳматлар келаётганини кўриш мумкин.

Ушбу хабар ижтимоий тармоқларда қисқа вақт ичда бир неча мингдан зиёд "лайк" йиғди ва кўплаб ижобий изоҳларга сабаб бўлди.

Павел афсус билан хурсандлигидан ўзбек мигрантининг исми-шарифини сўрашни унутиб қўйганини ҳам қўшимча қилди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG