Линклар

Атамбаев президентликдан кетгунигача Ўзбекистон билан чегара шартномаси имзоланишидан умидвор


Атамбаев билан учрашувга келган қирғизистонликлар.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Москвада қирғиз меҳнат муҳожирлари билан ўтган учрашувда президентлик ваколати якунлангунига қадар Ўзбекистон билан чегаралар аниқланиб бўлингани ва чегараларни очиш тўғрисидаги шартномаларни имзолашдан умидвор эканини билдирди.

Атамбаев чегара шартномасини имзолаш учун сиёсий иродага эга эканини айтди

Президент Алмазбек Атамбаев 21 июнда Москвада қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари билан учрашди. Учрашув чоғида меҳнат муҳожирларини энг қизиқтирган саволлардан бири “Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси қачон очилади?” деган савол бўлди.

Бу саволга жавоб берар экан, Алмазбек Атамбаев қуйидагиларни айтди:

- Яқинда Остонада мен ўзбек президенти билан учрашдим. Мен у билан 10 йилдан бери танишман. Тожик президенти билан ҳам гаплашдим. Худо хоҳласа, чегара масаласида қандайдир келишувга эришамиз. Бир нарсани очиқ айтаман. Кўп ерларимиз ўз вақтида бошқа давлатга ўтиб кетган. Шунинг учун чегара ратификация бўлмайди, деган гап-сўзлар пайдо бўлаяпти. Бизнинг фақат битта йўлимиз қолди. Биз “Бўлгани бўлди, ўша ерларнинг ўрнига бизга бошқа жойдан ер беринглар”, деб айтишимиз керак. Ҳозир мана шунинг атрофида савдо бўлаяпти. Мен Шавкат Миромоновичга ҳам, Эмомали Шариповичга ҳам айтдим: “Мен президентликдан кетгунимча шартномаларга қўл қўймоқчиман”, деб. Менда бунинг учун ирода бор, фақат ўз манфаатларимизни эсдан чиқармаслигимиз керак, - деди Алмазбек Атамбаев.

"Қирғизистонлик ҳайдовчилар Россияда ўйгайланмаслиги шарт"

Қирғизистон президенти Москвада қирғиз муҳожирлар билан учрашар экан, Россия раҳбарияти билан муҳожирларнинг бугунги долзарб масалаларини муҳокама қилганини ҳам айтди.

Россияда 1 июндан бошлаб бошқа давлатлар, жумладан, Ўзбекистон ва Қирғизистондан келган муҳожирларнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари бекор қилинган. Бунинг ортидан минглаб муҳожирлар ишсиз қолган эди.

Атамбаев Россия президенти Владимир Путин ва бош вазири Дмитрий Медведев билан айнан шу масалани муҳокама қилганини таъкидлади:

-Кеча Владимир Путин билан, бугун Дмитрий Медведев билан учрашганимда ҳам ҳайдовчилик гувоҳномаси масаласини кўтардим. Мен:”Сизлар беларусларга имтиёз бердинглар, нега бизникиларни ўгайлатиб қўйдинглар?” деб очиқ сўрадим. Дмитрий Анатольевич “ЕврОсиё Иқтисодий иттифоқига аъзо бўлган барча давлатлар ватандошларининг ҳайдовчилик гувоҳномалари Россия ҳудудида яроқли бўлади”, деб ваъда берди, -деди Атамбаев.

Атамбаев Қандаги Россия ҳарбий базасининг кенгайтирилишига қарши

Қирғизистони президенти меҳнат муҳожирлари билан сиёсий масалаларни ҳам муҳокама қилди.

-Мен бу масалани ўрисларга аввлданоқ айтганман. “Бундан буён Қантдаги Россия ҳарбий базасини кенгайтирмаймиз”, деб очиқ айтганман. Агар ҳарбий база қурмоқчи бўлсанглар Қирғизистоннинг Тожикистон билан чегарадош ҳудудларига қуринг деб таклиф қилганман. Ростини айтсам, бир бало бўлиши аниқ. Тожикистонда келажакда нима бўлади, фақат Худо билади. Шунинг учун бу ерда чегараларни мустаҳкамлаш керак, -деди Атамбаев.

Қирғизистон президентининг Россияга расмий сафари 19 июнда бошланган ва 24 июнда якунланади. Бу Атамбаевнинг президент сифатида Россияга қилган сўнгнги сафаридир.

2017 йилнинг 15 октябрида Қирғизистонда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Мамлакат Конституциясида бир одам бир муддатдан ортиқ президент бўла олмаслиги қайд этилгани боис, Атамбаев бу сайловда ўз номзодини қўя олмайди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG