Хитойлик қутқарувчилар 25 июнь куни ҳам ер кўчкиси босиб қолгани гумон қилинаётган 100 дан ошиқ кишини қидиришни давом эттирди.
Ушбу мамлакат жануби-ғарбида жойлашган Сичуан вилоятининг Синмо қишлоғида ўтган шанба – 24 июнь куни тоғнинг бир қисми қулаб тушгандан сўнг кўчки 40 қа яқин уйни босиб қолди ва дарёнинг 2 километрча бўлагини тўсиб қўйди.
Синмо қишлоғи маъмурияти тарғибот бўлимининг расмий микроблогида хабар қилинишича, якшанба куни эрталаб 9 кишининг жасади чиқариб олинди. Шу билан ўлими тасдиқланган кишилар 24 нафарга етди. Ҳамон 109 киши бедарак йўқолган, энди уларни тирик топишга умид қолмади ҳисоб.
– Ҳеч кимни тирик чиқариб олиб бўлмади, – деди Рейтер мухбирига қутқарувчиларга ёрдам беришга шошилган қўшни қишлоқлик Ву Юҳенг. –Икки кишининг жасадини чиқариб олдик. Энди жуда кеч, яна кимнидир тирик қутқариб олиш даргумон.
Синхуа ахборот агентлигининг хабар қилишича, 3000 дан ошиқ ишчи қутқарув ишларига жалб этилди. Кўпчилик қишлоқда яна ер кўчиши мумкинлигидан хавотирда.
CCTV телекомпаниясининг ҳокимият идоралари вакилларига иқтибосан хабар қилишича, фожиага тинмай қуйган ёмғирлар сабаб бўлди, аммо келгуси кунларда кам ёғиши кутилаётган жала қидирув ишларига халақит бермайди.
Ёмғир кўп ёғадиган пайтда Хитойнинг тоғли ҳудудларидаги қишлоқларда ер кўчкиси тез-тез юз бериб туради.
Январь ойида мамлакат марказида жойлашган Ҳубей вилоятида ер кўчкиси бир меҳмонхонани босиб қолгани оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлган эди.
Октябрь ойида Шарқий Хитойда «Меги» тўфони сабаб бўлган кучли ёмғирлар кўп жойларни вайрон қилди ва камида саккиз кишининг бошига етди.