Линклар

Порошенко ва Макрон Украина шарқидаги низо ҳал бўлишига умид билдирди


Украина президенти Петро Порошенко 26 июн куни Парижда президент Эммануэл Макрон билан учрашди.

Учрашувдан сўнг икки давлат раҳбарлари Украина шарқидаги низони бартараф этилишига умид билдирди.

Матбуот анжуманида Украина президенти Порошенко: "Бу масалада соатлаб давом этадиган музокараларга эҳтиёж йўқ. Бу борада тугал ҳужжатларни тайёрлашимиз керак. Бу ҳужжатлар шунча вақтдан бери азият чекаётган Украина заминига тинчлик олиб келиши керак, Россия арессиясига барҳам бериши керак", деди.

Президент Порошенко шу ой охири ёки июл ойи бошида "Нормандия формати"да Германия, Франция, Украина ва Россия ўртасида учрашувлар кутилаётганини ҳам айтди.

Франция ва Германия 2015 йилда Украина шарқидаги қуролли низога барҳам бериш мақсадида Москва ва Киев ўртасида эришилган Минск оташкесим битимига музокарачилик қилган эди.

Минск келишувида бу минтақада давлат қўшинлари ва россияпараст сепаратчилар оташкесимга амал қилиши, фронт линиясидан оғир қуроллар ва техникани олиши, Украина шарқига кўпроқ мухторият бериш учун конституцион ислоҳотлар ўтказиш белгиланган эди.

Аммо, шунга қарамай, келишув кўп бора бузилди ва айни пайтда ҳам отишмалар кескинлашгани кузатилмоқда.

БМТ берган маълумотга кўра, 2014 йилнинг апрелида бошланган қуролли низо давомида 10 мингдан ортиқ одам қурбон бўлди.

Порошенконинг Парижга сафари арафасида эса Европа Иттифоқи лидерлари Россияга нисбатан санкцияларни яна 6 ойга узайтирган.

XS
SM
MD
LG