Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:33

Роскомнадзор Telegram тармоғини блок қилиши мумкинлигидан огоҳлантирди


Роскомнадзор Telegram раҳбариятидан мессенжерни ахборот тарқатувчи восита сифатида рўйхатдан ўтказишни талаб қилмоқда. Акс ҳолда, ҳукумат Россия ҳудудида бу тармоқни блок қилиши мумкин. Рўйхатдан ўтган тақдирда, бу ижтимоий тармоқ, фойдаланувчиларга оид персонал маълумотларни махфий хизматларга топшириш мажбуриятини олади.

Роскомнадзор Telegram маъмуриятидан шифрлаш калитларини сўради

Россиянинг Алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникацияларни назорат қилиш бўйича федерал хизмати, яъни Роскомнадзор Telegram раҳбари Павел Дуровдан тармоқдаги шифрлаш калитлари - фойдаланувчилар бир-бирига йўллаётган хабарлар мазмунига олиб кирувчи махсус маълумотларни махсус хизматларга топширишни талаб қилди.

Федерал хизмат расмий сайтида тузилма бошлиғи Александр Жаровнинг месенжер эгаси Павел Дуровга йўлланган махсус мурожаати чоп этилди.

алабимиз битта ва у оддий: Telegram тармоғини бошқараётган компания жўнатилган маълумотлар анкетасини тўлдириши зарур. Шунингдек, Роскомнадзорга бу маълумотларни ахборот тарқатувчилар рўйхатига киритиш учун расмий тарзда юбориши керак. Бироқ биз мессенжер маъмуриятидан ҳанузгача жавоб олмадик", деб ёзди Роскомнадзор раҳбари.

Акс ҳолда, Роскомнадзор Telegram мессенжерини бир неча кун ичида Россияда блок қилиб қўйиш билан огоҳлантирди. Ўз талабини ахборотни назорат қилиш хизмати раҳбарияти “террорчиларга қарши кураш зарурати” билан изоҳлади.

Error rendering VK.

Идоранинг мессенжер раҳбариятига бу талаби Россия Федерал Хавфсизлик хизмати (ФСБ) 3 апрел куни Санкт-Петербург метросини портлатган, деб топилган Акбаржон Жалилов террорчилик актини “Telegram мессенжери ёрдамида тайёрлаган”, деб эълон қилганидан сўнг янгради.

"Халқаро террор ташкилотлари аъзолари Россия Федерацияси ҳудудида, асосан, Telegram мессенжеридан фаол фойдаланиб келмоқда. Бу тармоқ террорчиларга шифрлашнинг юқори даражасига эга бўлган махфий чатларни тузиш имконини бериб келмоқда", дейилади ФСБ расмий хабарида.

ФСБ ходимлари халқаро террорчилар “ўзаро ва чет элдаги кураторлари билан конспиратив алоқа қилиш учун” бошқа мессенжерлардан ҳам фойдаланаётганини таъкидлади.

Айнан Telegram тармоғининг Россия жамияти учун “хавф-хатар” тўғдираётгани ҳақидаги мавзуни Россия марказий телеканалининг бош пропагандачиси сифатида танқид қилинадиган Дмитрий Киселев ва бошқа телеканаллар бошловчилари ҳам кўтарди.

("Хавфли Telegram" - Россия 1 телеканалининг махсус репортажи)

Бироқ, рус бошловчилари WhatsApp, IMO, Viber каби бошқа мессенжерлар ёки Фейсбук, Одноклассники ва Гугл чатлари ҳам террорчилар томонидан ишлатилиши мумкинлиги тўғрисида оғиз очмади.

Telegram асосчиси: Мессенжерни ёпиш билан террорни тўхтатиб бўлмайди

33 яшар Telegram асосчиси, тадбиркор Павел Дуров бу талабларга бўйсунмаслигини айтиб, фойдаланувчилар қолдирган хабарлар бошқа месенжерларда ҳам тўлиқ шифрланишини эслатди.

“ВКонтакте” тармоғидаги саҳифасида у Telegram террорчилар билан боғлиқ чатларни доимий равишда блок қилиб келади, деб таъкидлади.

“Россия махфий хизматлари бу каби фожеадан ҳам аҳоли устидан ўз таъсир доираси ва назоратини кенгайтириш йўлида фойдаланаётган бўлса, бу ачинарли ҳолдир. Ижтимоий тармоқларни алоҳида мамлакатда шифрлашдан воз кечтириш талаби юзлаб миллион одамни хакерлар ҳужуми ва коррупциялашган амалдорлар товламачилиги олдида ҳимоясиз қолдиради. Айни пайтда, бундай чора терактлар хатаридан сақламайди – Париждаги ҳодисалар каби, теракт ўтказиш учун бир марталик телефон ва шифрсиз СМСлардан фойдаланиш мумкин”, деб ёзди Павел Дуров.

Telegram эгаси Роскомнадзорнинг бу талабини Конституцияга зид, деб ҳисоблашини ҳам таъкидлади.

33 яшар Павеп Дуров - Telegram ва "ВКонтакте" тармоқлари асосчиси
33 яшар Павеп Дуров - Telegram ва "ВКонтакте" тармоқлари асосчиси

Дуров давлат назорат хизмати олдин ҳам шундай талаблар қўйганини айтиб келади. У Роскомнадзор раҳбариятини мессенжерлардаги шифрлаш принципларини билмасликда айблади ва уларга “террорчилик устидан блокировка қилиш воситасида ғалаба қозониш учун Интернетни ёпиб қўйиш керак”, деб писанда қилди.

Россия президенти матуот хизмати раҳбари Дмитрий Песков “Дождь” телеканалига интервюсида Telegram мессенжери Россияда блок қилинса, Кремл бошқасига ўтишга ҳозирлигини маълум қилди.

- Бошқа мессенжерга ўтамиз. Ҳар ҳолда бу ерда рақобат бор, танлов бор, - деди, айни пайтда, Роскомнадзор талаби асосий қонунга зид эмаслигини таъкидлаган Песков.

3 йил олдин Россия Бош вазири Дмитрий Медведев баъзи расмийларнинг мамлакатда Twitter ижтимоий тармоғини блок қилиш тўғрисидаги чиқишларини танқид қилган эди.

Медведев ўзининг Facebook саҳифасида 16 май куни “Ижтимоий тармоқларни ёпиш тўғрисида очиқчасига гапираётган баъзи расмийларга мияларини ишлатишни тавсия қилган бўлардим”, деб ёзган эди.

2014 йилнинг 1 февралидан бошлаб, Роскомнадзор ташкилотига Россиядаги Интернет сайтларини блок қилиш ҳуқуқини берадиган қонун кучга кирган.

2016 йилнинг июнида Россия Давлат Думаси “Яровая пакети” деб номланган “террорчиликка қарши” қонунлар тўпламини қабул қилганди. Қонунга кўра, ижтимоий тармоқлар маъмуриятлари террор хавфи мавжуд, деб топилган ҳолатларда махсус хизматларга ўз базасидаги фойдаланувчиларга оид шахсий маълумотларни бериши лозим.

Айни қонунда Россияда интернет-ёзишмалар устидан назорат кучайтирилиши ва террорчиликда гумонланганлар 14 ёшидан жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги белгиланган.

2016 йилнинг 6 декабрида Россияда Интернетнинг Россия сегментини бошқариш миллий тизимини ишлаб чиқилган эди.

Бундан олдинроқ, Роскомнадзор “ахборот тарқатувчилар рўйхати”га қайдга туришдан воз кечган Line ва BlackBerry мессенжерларини блок қилган.

Роскомнадзор Россияда ҳукумат позициясидан айри ахборот тарқатувчи бир нечта портал ва сайтни, жумладан Грани.ру, Каспаров.ру ва “Ежедневный журнал” сайтларига тўсиқ қўйиш тўғрисида ҳам қарор чиқарган.

Униси бўлмаса, буниси...

Россия ва Ўзбекистонда Telegram тармоғининг асосий фойдаланувчилари қаторида миллионлаб ўзбекистонлик бор.

Россиянинг Калининград шаҳрида меҳнат қилаётган Азамат Telegram меҳнат муҳожирлари орасида энг қулай алоқа воситаси бўлиб қолаётганини айтади.

- Менинг укаларим ҳам Ўзбекистонда Телеграмдан фойдаланишади. Ўзбекистонда Телеграм яхши ишлайди, дейди. Бизга-ку, Россияда, фарқи йўқ – Интернет бу ерда кучли. WhatsApp, ёки Viber тармоғида гаплашганда овоз узилиб келади. Ёзганда ҳам торможение билан пауза қилиб кетарди. Телеграмдан эса расм-пасмлар тез келади. Агарда ҳақиқатан ёпиб қўйса Вайбер, Одноклассники бор. Менга энг сози - тинчкина телефон орқали гаплашавераман, Россиядан арзон, деди Азамат.

Telegram маъмурияти бу тармоқ шахсий ёзишмалар “энг қаттиқ қўриқланадиган”, ишончли мессенжер, деб мақтаб келади.

Telegram серверлари 5та мамлакатда жойлашган бўлиб, ундаги айрим шифрланган хабарлар муайян вақтдан кейин автоматик тарзда ўчиб кетади.

“ВКонтакте” тармоғи эгаси Павел Дуров 2011 йилда унинг эшигини бузиб кирмоқчи бўлган спецназ кучлари ҳаракатидан кейин шу мессенжерни яратиш ғояси туғилганини айтади. 2013 йилда тузилган мессенжер салкам 3 йил ичида 100 миллион фойдаланувчига эга бўлди ва ҳозирга келиб, бу ижтимоий тармоқда кунига 10 миллиард донадан ортиқ хабар жўнатилади.

XS
SM
MD
LG