Линклар

Тожикистонда фуқаролар уруши якунланганига 20 йил бўлди


Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон (ўнгда) ва Бирлашган тожик мухолифати лидери Саид Абдулло Нурий.

Тожикистонда 27 июнь куни фуқаролар уруши якунлангани, мухолифат ҳамда ҳукумат ўртасидаги сулҳ шартномаси имзоланганининг 20 йиллиги нишонланмоқда. Тожикистондаги фуқаролар уруши даврида 150 минг одам ўлдирилган, келтирилган зарар эса 7 миллиард долларга тенг бўлган.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон мамлакатда фуқаролар уруши якунланганининг 20 йиллиги муносабати билан расмий сайтида эълон қилинган баёнотда “ички ва ташқи душманларнинг фитналари ва ҳаракатлари сиёсий қарама-қаршилик тўрига илиниб кейин йўналтирилган тарзда фуқаролар уруши алангасига сабаб бўлди”, деб билдирди.

Тожик президенти “тинчлик ва миллий ҳамжиҳатликка эришиш жараёни қанчалик оғир ва узоқ давом этган бўлса ҳамки, бахтимизга тожик халқининг чинаккам ўғлонлари ҳаракати тинчлик, сулҳ ва бирлашув билан якун топди”, деб ёзди.

Душанбе раҳбари ўз баёнотида Тожикистонда фуқаролар урушининг барҳам топишида Бирлашган тожик мухолифати нақадар аҳамиятга эга бўлгани ҳақида эсламади.

Тожикистон президентининг баёноти 26 июнда, Тинчлик ва миллий ҳамжиҳатлик шартномаси имзоланганининг 20 йиллиги арафасида эълон қилинди. Мазкур шартнома Тожикистонда 1992 йилда бошланиб, 5 йил давом этган фуқаролар урушига нуқта қўйган эди.

1997 йилнинг 27 июнида Москвада президент Эмомали Раҳмон ва бирлашган тожик мухолифати раҳбари Саид Абдулло Нурий БМТ воситачилигида тинчлик шартномасини имзолаган. 1998 йилнинг 22 майида 27 июнь Миллий ҳамжиҳатлик куни, деб эълон қилинган.

Тожикистондаги уруш натижасида 150 минг одам ҳалок бўлган, 1 миллиондан ортиқ одам қочқинга айланган эди. Шунинг учун ҳам тожик жамиятида Тинчлик ва миллий ҳамжиҳатлик шартномаси тарихий ҳамда муҳим аҳамият касб этган ҳужжат қаторида тан олинади.

“Бироқ бугунги кунда республикада миллий ҳамжиҳатликка эришилгани фақат Тожикистон ҳукуматининг ютуғи сифатидагина тақдим этилмоқда”, деб ёзади Озодлик радиосининг тожик хизмати.

Сўнгги бир неча йилдан бери Миллий ҳамжиҳатлик куни Тожикистонда Бирлашган тожик мухолифатининг собиқ намоёндалари иштирокисиз ўтказилмоқда.

2015 йилнинг кузида Бирлашган тожик мухолифатининг асосий ўзаги бўлган Ислом уйғониш партияси мамлакатда “қонундан ташқари”, деб эълон қилинган эди.

Бу партия суд томонидан “террористик ташкилот” деб эълон қилинганидан сўнг партиянинг ўнлаб тарафдори ҳибсга олинган, партия раиси Муҳиддин Кабирий эса Интерпол томонидан халқаро қидирувдаги шахслар рўйхатига тиркалган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG