Линклар

Россияга ишлагани бораётган ўзбеклар сони кескин камайди


Нижний Новгородда стадион қураётган ўзбек муҳожирлари

Россияга ишлагани бораётган муҳожирлар сони ўтган йилнинг 1 чорагига нисбатан 26,8 фоизга камайди. Россия Статистика федерал хизмати ҳисоб-китобича, Россияга энг кўп ишчи бораётга Ўзбекистон ҳозир мигрант экспорти бўйича ҳатто Украина, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан ортда қолган. Россиялик социологлар бу вақтинчалик ҳолат, деб ҳисобламоқда.

Мигрантлар оқими украин ишчилари ҳисобига камайди

Россия Халқ хўжалиги ва давлат хизмати академиясининг (РАНХиГС) Ижтимоий таҳлил ва прогноз институтига кўра, шу йилнинг январ-март ойи давомида Россияга 122 минг муҳожирлар борган.

Умумий статистика маълумотларига биноан, 2016 йилда Россия Федерациясига 4,706 миллион муҳожир кирган, 4,444 миллиони эса чиқиб кетган.

Экспертлар жорий йилнинг январ-март ойларида мамлакатга келаётган украиналик мигрантлар сони 40 фоизга камайганини таъкидламоқда. 2017 йилнинг 11 июнида Европа Иттифоқи Украина гражданлари учун виза режимини бекор қилди ва кўплаб украиналиклар иш излаб Европага йўл олди.

Бироқ, мутахассислар Марказий Осиё давлатларидан бўлган миграция оқими ҳам камайганини қайд этмоқда.

Мисол учун, 2011-13 йилларда Россиянинг асосий миграция “донори” бўлган Ўзбекистон ҳозир 5 ўринга тушиб қолган.

Озодлик суҳбатлашган Россиядаги Муҳожир меҳнаткашлар касаба уюшмаси раиси Ринат Каримов Марказий Осиёдан миграция оқимининг кўпайиши-камайиши вақтинчалик ҳолат эканини таъкидлади.

- Менимча, Ўзбекистоннинг ўзида бўлаётган ўзгаришлар одамларда қандайдир ишонч ва умидларни юзага келтирди. Бундан ташқари, Россиянинг ўзида миграция тартиби мураккаблашди. Энг асосийси эса – Украина ва Европа ўртасида чегаралар очилиши Россияга бўлган мигрантлар оқимини кескин камайишига олиб келди. Ҳар ҳолда, муҳожирлар сонига оид ҳисоб-китобни йил охирида олиб бориш мақсадга мувофиқроқ, деди Ринат Каримов.

“Қатиққўл” миграция сиёсати натижа бермоқда

Россия ҳукумати олиб бораётган қаттиққўл миграция сиёсати туфайли мегаполисларда меҳнат муҳожирлари сони кескин камайгани ҳам кузатилмоқда.

Озодлик Россия ҳукумати мигрантлар сонини камайтиришга қаратилган махсус чора-тадбирларни қўллаётгани, облава ва текширувларни кучайтиргани тўғрисида хабар берган.

Россия пойтахти ҳокими Сергей Собянин журналистларга берган охирги интервьюларидан бирида “москваликларни энди келгинди ишчилар масаласи камроқ хавотирга солаяпти” деди.

- Бугун бу мавзу москваликлар кун тартибида олтинчи-еттинчи-саккизинчи ўринга тушиб қолди. Чунки, кўплаб мигрантлар легал ишлашни бошлади, уларнинг ҳужжатлари бор, тиббий кўрикдан ўтган, шаҳар бюджетига жуда катта солиқ тўлаяпти: тахминан 12-14 миллиард рубл йилига – бу жуда катта кўрсаткич, дея мақтанди мэр Сергей Собянин.

Шунга қарамасдан, Москва ҳокими пойтахтга 2,5 милион ишчи кучи етишмаётганини ҳам тан олди.

2014-15 йиллар давомида Россияга, айниқса, Ўзбекистондан келаётган мигрантлар сонининг 30 фоизга кескин камайгани кузатилган: 2014 йилда – 2,5 миллиондан зиёд, 2015 йилда – 2 миллион, 2016 йилда эса 1 миллион 770 минг ўзбек муҳожири Россияга киргани қайд этилди.

Статистика хизмати келтираётган рақамларга кўра, ҳозиргача ҳам Россияга бўлаётган миграция оқими, асосан, Украина ва Тожикистондан экани кўринади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG