Линклар

Навальнийнинг тарғибот штаблари полиция томонидан тинтув қилинди


Навальний тарафдорлари Уфада митинг ўтказмоқда.

Россия полицияси мухолифатчи Алексей Навальнийнинг қатор сайловолди штабларида тинтувларни ўтказди.

Хабарларда айтилишича, мухолифатчининг Москва, Вологда, Астрахан, Чебоксар, Новосибирск, Орёл ва бошқа шаҳарлардаги сайловолди штаблари гўёки Навальний мазкур бинолар учун ижара ҳақи тўламаётгани тўғрисида маълумот олингани ортидан тинтув қилинган.

Айрим вилоятларда эса полиция ўз ҳаракатини “Навальний ноқонуний тарғибот ишлари олиб бораётгани тўғрисидаги маълумотларни текшираётгани” билан изоҳлаган. Барча штаблардан мухолифатнинг тарғибот плакатлари мусодара қилинди.

Навальний Россияда 2018 йилда ўтадиган президентлик сайловига ўз номзодини кўрсатишини билдирган эди. Россия вилоятларида мухолифатчининг 60дан ортиқ сайловолди штаблари ташкил этилган. Унинг номзодини президентликка кўрсатилишини камида ярим миллион одам қўллаб-қувватлагани айтилмоқда.

Навальний 12 июнда Москвада коррпупцияга қарши митинг ўтказиш талабларини бузганликда айбланиб, суд томонидан 30 кунлик ҳибсга ҳукм қилинган эди. 7 июль куни унинг ҳибс муддати якунланади ва озодликка чиқарилади.

Навальний тарафдорлари шанба ва якшанба кунлари Россия шаҳарларида мухолифатчи фойдасига тарғибот акциялари ўтказишни режалаштирган.

XS
SM
MD
LG