Линклар

Тиллерсон ва Порошенко Москвани келишувга амал қилишга чақирди


АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон Киевда Украина президенти Петро Порошенко билан музокарадан сўнг Россияни Минск келишувига тўлиқ амал қилишга чақирди.

Порошенко билан музокаралардан сўнг АҚШ Давлат котиби Тиллерсон Вашингтон икки йил олдин қабул қилинган Минск келишувига етарли даражада амал қилинмаётганидан қониқмаётганини таъкидлади.

"Биз Россияни Минск шартномаси остида зиммасига олган мажбуриятларга ҳурмат билан ёндошиш ва мутлақо уларнинг таъсири остида бўлган сепаратчиларга босим ўтказишга чақирамиз", деди Рекс Тиллерсон.

Айни пайтда, у 2014 йилда Қримни аннексия қилгани ортидан Россияга нисбатан қўлланган санкциялар Украина ҳудудий яхлитлиги тиклангунга қадар сақланиб қолинишини билдирди.

Президент Порошенко эса Тиллерсоннинг сафари АҚШ Украинани қўллаётганига "кучли" ишоратдир, деди.

Германияда ўтган "Катта йигирмалик" саммити давомида АҚШ президенти Доналд Трамп, лавозимига келганидан буён илк кез, Россия президенти Владимир Путин билан юзма-юз учрашди. Учрашувни "жуда ажойиб", деб баҳолаган Трамп Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни яхшилаш зарурати ҳақида гапирди.

9 июл куни Twitter саҳифасида хабар қолдирган президент Трамп Путин билан учрашувида санкциялар масаласи муҳокама қилинмагани, "Украина ва Суриядаги муаммолар ҳал бўлмагунча, ҳеч нарса ўзгармаслиги"ни билдирди.

9 июль куни Киевда ўтган қўшма матбуот анжуманида айтилишича, АҚШ Украина шарқидаги урушни кузатадиган янги махсус вакил тайинлаган.

Махсус вакил Курт Уолкер яна бир неча кун Киевда қолиб, томонларнинг Минск шартномасига амал қилаётганига ишонч ҳосил қилиши маълум қилинди.

Шунингдек, Киевга сафари давомида АҚШ Давлат котиби Украина раҳбариятини "иқтисодий ва аксил-коррупция ислоҳотлари"ни давом эттиришга чақирди.

Украина шарқида Киев қўшинлари ва Россиядан кўмак олаётган сепаратчилар ўртасида 2014 йилдан бери давом этаётган уруш ҳаракатлари давомида 10 мингдан ортиқ одам қурбон бўлди.

XS
SM
MD
LG