Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:04

Ўзбекистонда илк бор Комилжон Отаниëзовнинг юбилейи давлат миқëсида нишонланмоқда


Комилжон Отаниёзов
Комилжон Отаниёзов

Бирваркайига тўрт республиканинг халқ артисти Комилжон Отаниëзовнинг таваллуд куни давлат миқëсида нишонланмоқда. Ўзбек ашулачилигида Озарбайжон торини урф қилган ҳофиз Комилжон Отаниëзов туғилганига 21 июль куни юз йил тўлади.

Бу сана арафасида Тошкентдаги “Туркистон” саройида Комилжон Отаниëзов ижодига бағишланган кеча бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги томонидан таниқли ҳофиз таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб ташкил этилган адабий­мусиқий тадбирда қатнашган филолог олим Машарип Сапаровнинг айтишича¸ тадбир катта мусиқа байрамига айланиб кетган.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Ҳожиматов очиб берган бу тадбирда мусиқашунос олим Отаназар Матёқубов ва бошқа санъаткорлар қўшиқчи ижодий мероси ҳақида гапиришган.

Каримов иқтидори даврида ҳофизнинг 80 ва 90 йиллик юбилейларини ўтказилмаган ва унинг Урганч шаҳридаги ҳайкали йиқиб ташланган эди. Бундан ташқари Отаниëзов исми мусиқа билим юрти ва филармониядан олиб ташланган эди.

“Маҳтумқули ғазаллари Комилжон Отаниëзов ижросида” деган монография муаллифи¸ филолог олим Машарип Сапаровнинг айтишича¸ ҳофизни эслаш тадбири янги раҳбарият ташаббуси билан амалга ошган:

- Мирзиëев сайлов олди учрашувларида Комилжон ака туғилган Бўйрачи қишлоғига бориб у кишини номини абадийлаштираман деб ваъда берди ва бу ваъда бажарилди¸ дейди суҳбатдош.

Комилжон Отаниëзовнинг Каримов даврида унутилган номини улуғлаш ҳақида жорий йил январида мамлакатнинг муваққат президенти бўлган пайтидаëқ Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташрифи пайтида айтган эди.

Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев хоразмликлар билан сайловолди учрашувида 2017 йилда Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллигини кенг нишонлаш, машҳур ҳофиз номи билан аталадиган замонавий ижод маркази ва унинг таркибида гўзал боғ ташкил этишни таклиф қилган эди.

Шунингдек Мирзиëев Хоразмда йиқиб ташланган Комилжон Отаниёзов ҳайкалини қайтадан барпо этиш ҳақида ҳам тавсия берган эди.

Комилжонимни ëд этсам

Озодликнинг “Чодирҳаëл” дастурида Комилжон Отаниëзов ижод йўлига уни таниган ва билганлар билан суҳбат асосида нигоҳ ташладик.

Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон Озодлик билан суҳбатда Комилжон Отаниëзовни тоғ чўққисига ўхшатди

- Хоразмда тоғлар йўқ дейишади¸ мен эса тоғлар бор деб айтаман. Фақат бу тоғлар одам қиëфасида зоҳир бўлган. Огаҳий¸ Мунис каби шоирлар Ҳожихон¸ Комилжон каби ҳофизлар Хоразмнинг тоғларидир¸ деган шоир Озодлик билан суҳбатда ҳофизга атаб ëзган шеъридан парча ўқиди:

- Руҳимга бир садо келур Комилжонимни ëд этсам

Дилга нурли наво келур Комилжонимни ëд этсам

Қадим денгиз Орол тўлар¸ Сир¸ Жайҳунга ҳаëл тўлар

Тўлин бўлар¸ ҳилол тўлар Комилжонимни ëд этсам

Дилларда бор соғинч зиë¸ ишқ боис айланур дунë

Шу бир номда минг ҳикмат жо ¸Комилжонимни ëд этсам...

Времяни тўхтатган хофиз

Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида Ўзбекистон телевидениеси ўз кўрсатувларини эфирга узатганида Марказий Телевидениенинг “Время” дастурини олиб кўрсатишга мажбур эди.

“Время” дастури бошлангани онда барча ўзбек дастурлари тўхтатиши лозим бўлган.

Тошкентнинг Бошлиқ маҳалласидаги теледастурларни эфирга узатиш республика идорасининг 1967 йилги "ТВ-зона 4" деган дафтарида бир ЧП (Фавқуллода ҳодиса) қайд қилинган.

Бу дафтарда ëзилишича, ўша йилнинг ноябр ойи кунларидан бирида “Время” программаси эфирга узатилмасдан унинг ўрнига Комилжон Отаниëзов концерти берилган.

Телеузатиш марказидаги техник Комилжон Отаниëзовнинг мухлиси бўлгани боис Москвани улашни унутиб қўйган ва пировардида ҳайфсан олган.

Хозир Британияда истиқомат қиладиган олим Аҳмаджон ака Хоразмий ўша воқеани яхши эслайди:

- Москванинг Время деган программаси келган пайтда ҳамма нарса тақа-тақ тўхтаб, Время берарди. Ўша пайтда Комилжон Отаниëзов ашула айтиб турган эди, концерти бор эди телевизорда. Бирдан Комилжон Отаниëзов ашуласини тугатмасдан Время бошлаворди. Икки минут ўтар-ўтмас Времяни тўхтатди-да, яна Комилжон ака ашула айтиб юборди. Тўрт минут ўтар-ўтмас яна Время кўрсатиб юборди. Ундан кейин яна Комилжон ака ашула айтди. Телевизор тугагунча айтди ўзиям, дейди Аҳмаджон Хоразмий.

Суҳбатдошга кўра, Совет Иттифоқининг энг асосий теледастурини тўхтатиш ўша пайтдаги мафкурага қарши бориш билан тенг бўлган.

Бу воқеадан сал ўтмай Муштум журналида Комилжон Отаниëзов танқид қилинган карикатура пайдо бўлди.

Карикатурада Отаниëзов хотинлар каби кокил соч қўйган тарзда гавдалантирилади. Расм изоҳида эса "Отаниëзов ўзи эркак бўлиб, хотинчалиш қўшиқлар айтди", деб ëзилган эди.

Ана шундан кейин ҳофиз республикани тарк қилиб, бир муддат Туркманистонда ижод қилишга мажбур бўлгани айтилади.

Хоразм машъали

Шоир ва журналист Ҳамид Исмоилнинг “Мен севган ашула” китобида Комилжон Отаниёзов дея “Хоразм машъали” таърифланади.

Озодлик билан суҳбатда Ҳамид Исмойил “Комилжон Отаниёзовни эсга олсак. "Машъал Хоразм" деган ибора эсимга келади” деб гап бошлади.

- Комилжон Отаниёзов ҳақида ҳеч бир инсон ҳеч қачон бирон бир ёмон гап айтмаган. Рост-да, тошкентлик ана у ҳофиз ит уриштирар эмиш, буниси хотинбоз экан, учинчиси яна алланима, — деб миш-мишлар тарқалиб юрган бир пайтда — Комилжон-ака ҳақида атиги бир марта — ўйинчоқлар дўконинг мудираси Мовлуда-опанинг тўйига келганида уни кўрганлар — нуроний кўзли, плаш кийган одам экан, деб айтишларидан бошқа ҳеч нарса эшитмаганман. Бувим ҳам шу тўйга борган эдилар: «Акамларга ўхшар экан», — деган соддагина гапни кўтариб келганлар. Бу дегани эса бувимнинг таъбирида энг юқори мақтов эди. Ёқуб-хўжа тогъамдек соф инсон афсуски, умримда, Навоий ҳазратлари айтгандек, камрак топиларди деган Ҳамид Исмойил бувиси Комилжон Отаниëзовнинг Маҳтумқули ғазалига басталаган “Тушимда бир булбул кўрдим” қўшиғини танча олдида ўтириб эшитганлигини хотирлайди.

Душимда бир булбул гўрдим,

Уркиб галмиш гулзорима,

Қайси боғнинг булбули бу,

Қайси боғчанинг нориндан.

Гўрмишам саҳар чоғлари,

Сийнама ботмиш доғлари,

Бошда қаро попоқлари

Нозикдур кўнгул ториндан.

Юзи ойга шўла солар,

Ҳусни қуёшдан бож олар.

Айтинг, ёрим қачон галар,

Чиқсам дарё канорина.

Ёқди мани ул нозанин,

Адо бўлди рўи замин,

Ҳеч бир кимса манинг каби

Айрилмасин нигориндан.

Коммунист бўлишини рад қилган ҳофиз

"Комилжон Отаниëзов куйлайди" деган пластинкадан ҳофизнинг Коммунист партиясини ва Совет ҳукуматини улуғловчи қўшиқлари ўрин олган.

СССРнинг “Мелодия” овоз ëзиш студиясининг олтин фондидан ўрин олган бу ëзувларда нафақат коммунизм мадҳиялари, балки диний-мистик, ҳазил-фолклор ва сувора йўналишидаги қўшиқлар мавжуд.

“Мелодия” студиясида овоз ëздирган ҳофиз СССРда катта мавқега эга бўлган. Бундан ташқари, Совет кино қўмитаси "Комилжон Отаниëзов куйлайди" деган филмни суратга олган.

Отаниëзовни яхши билган Аҳмад Хоразмийга кўра, ҳофизга бир неча маротаба Коммунистик партияга кириш таклиф қилинган.

Комилжон Отаниëзов турли сабаблар билан ўзини компартиядан олиб қочгани айтилади.

Аҳмаджон акага кўра, ана шундан кейин Комилжон Отаниëзовга Социалистик меҳнат қаҳрамони унвони бериш масаласи кун тартибидан олиб ташланган:

- Комилжон Отаниëзовга “Сиз партияга ўтинг. Шунда сизга “Социалистик меҳнат қаҳрамони” унивони берамиз тезда” деган пайтда партияга ўтмасдан, унвондан воз кечган шу одам. 50 ëшга кирган пайтда унга “Социалистик меҳнат қаҳрамони”ни бермоқчи бўлишган.

Унутилиш

Комилжон Отаниëзов оламдан ўтган 1975 йилда унинг номини абадийлаштириш тўғрисида ҳукумат қарори чиқди.

Бу қарорга кўра, у ўқиган мактаб ва Хоразм вилоят филармониясига Комилжон Отаниëзов номи берилди. Филармония олдида унинг тор ушлаб турган ҳайкали ўрнатилди.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин мактабларни атоқли одамлар номи билан юритишга барҳам берилди.

Оқибатда ҳофиз ўқиган мактаб Комилжон Отаниëзов номидан мосуво бўлди.

Филармониянинг вилоят бўлими "Ўзбекнаво" таркибига кирганидан кейин Комилжон Отаниëзов номидан воз кечди.

Кейинги йилларда Урганч шаҳрини қайта қуриш амалиëти пайтида Отаниëзов ижод қилган филармониянинг тарихий биноси йиқитилди.

Бино олдидаги ҳайкал ҳам синдириб ташланди.

Ўзбекистонда раҳбар алмашганидан кейин эса ҳофизга яна ҳайкал тиклашга қарор қилинди.

Ҳофиз ижоди ҳақида китоблар чоп қилина бошланди.

Отаниëзов ижодини тадқиқ қилган мунаққид¸”Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали танлов ҳайъати аъзоси¸ немис музикашуноси Ангелика Юнг озодлик билан суҳбатда “Комилжон Отаниëзов эстетикаси сиëсий конюнктурадан баландда туришига” эътибор қаратди. Суҳбатдошга кўра¸ “Отаниëзовдан қолган мусииқий мерос унга қўйилган энг яхши ҳайкалдир”

XS
SM
MD
LG