Линклар

Президент Трампнинг катта ўғли Россияга оид электрон ёзишмаларини эълон қилди


Президент Дональд Трампнинг катта ўғли Дональд Трамп.

Президент Дональд Трампнинг катта ўғли Дональд 2016 йилда Россиялик адвокат Наталья Весельницкая билан учрашганида, гўёки президентликка номзод Ҳиллари Клинтонга нисбатан компроматлар тақдим этилгани тўғрисидаги электрон ёзишмаларни ошкор қилди.

Кичик Дональд Трамп бу маълумотларни 11 июль куни Twitter саҳифасида эълон қилди.

10 июль куни Дональд отасининг сайлов кампанияси давомида Москва билан алоқлар қилингани юзасидан ўтказилаётган тергов доирасида Конгрессга кўрсатма беришга тайёр эканини айтган эди.

Бундан аввалроқ эса New York Times газетаси Трампнинг ўғли президентлик сайлови пайтида адвокат Наталья Весельницкая билан учрашгани, адвокат Дональдга президентликка номзод бўлган Ҳиллари Клинтонга қарши компроматларни бермоқчи бўлгани тўғрисида хабар берган.

New York Times исми сир тутилаётган манбаларга таянган ҳолда, Роб Голдстоун исмли пиарчи Дональдга электрон почта орқали бу маълумотларни жўнатгани ҳамда бу маълумотлар “Россия ҳукуматининг унинг отасига кўрсатмоқчи бўлган ёрдамининг бир қисми” экани тўғрисида билдиргани тўғрисида ёзган.

Кичик Дональд Трамп ўз электрон ёзишмаларини эълон қилишига газетадаги ушбу мақола сабаб бўлди.

11 июль куни Трампнинг ўғли бу ёзишмалардан 4 саҳифасини ошкор қилди. Бу ёзишмаларда Голдстоун унга учрашишни таклиф қилгани ҳамда рус адвокати Ҳиллари Клинтон обрўсини тўкувчи материалларга эга эканини билдирган.

Мактублардан бирида Голдстоун: “Россия Давлат прокурори... Трампнинг сайловолди штабига қандайдир расмий ҳужжатларни ва маълумотларни тақдим этмоқчи, бу ҳужжатлар Ҳиллари Клинтоннинг обрўсини тўкади ва унинг Россия билан алоқаларига бағишланган. Бу ҳужжатлар отангизга жуда фойдали бўлиши мумкин”, деб ёзган

Маълумотларда айтилишича, Республикачилар партияси Дональд Трампни президентликка номзод сифатида тасдиқлаганидан уч кун ўтгач, кичик Дональд, Трампнинг куёв боласи Жаред Кушнер ва Трамп сайлов штаби раҳбари Пол Манафорт рус адвокати билан учрашган.

Twitter саҳифасида ёзишмаларни эълон қилар экан, кичик Дональд Трамп аввалги кўрсатмаларида маълум қилганидай, Весельницкая тақдим этиш учун ҳеч қандай ахборотга эга бўлмаганини, фақат АҚШ ватандошлари томонидан россиялик болаларни боқиб олиш масаласи юзасидан фикр алмашиниш ниятида бўлгани ҳақида гапирганини маълум қилди.

Шунингдек, кичик Дональд Трамп учрашувни уюштирган Голдстоун 10 июль куни “бу учрашув мен қачондир гувоҳ бўлган энг аҳмоқона учрашув бўлган эди”, деб баёнот берганини ҳам эслатиб ўтди.

11 июль куни АҚШдаги NBC телеканали Весельницкая билан ўтказилган суҳбатни кўрсатди. Суҳбат давомида Весельницкая учрашувда Барак Обама томонидан қабул қилинган Магнитский қонунини муҳокама қилмоқчи бўлганини, “ҳеч қачон Хилллари Клинтон обрўсини тўкувчи ахборотга эга бўлмаганини” ва Россия ҳукуматига алоқадор эмаслигини айтган.

Барак Обама ташаббуси билан қабул қилинган Магнитский қонунида Россияда инсон ҳуқуқларини бузган шахсларга нисбатан санкциялдар жорий этилиши белгиланган эди.

Сенатнинг Вакиллар палатаси ва АҚШ махсус хизматларида ташкил этилган бир неча тергов гуруҳлари президентлик сайлови жараёнида Трамп ва Россия ҳукумати ўртасида қандайдир тил бириктириш бўлганми, деган саволга жавоб излашда давом этмоқда.

АҚШнинг разведка идоралари жорий йилнинг бошида, Россия президентлик сайловига аралашди, деб хулоса чиқарган.

АҚШ Адлия вазирлиги 17 май куни собиқ Федерал тергов бюроси собиқ директори Роберт Мюллерни Россия билан президент Трампнинг 2016 йилги сайлов кампанияси вақтидаги гумон қилинаётган махфий тил бириктирувини тергов қилиш учун махсус прокурор этиб тайинлади.

7 июль куни президент Дональд Трамп Россия президенти Владимир Путин билан Германиянинг Гамбург шаҳрида ўтган “Катта йигиртматалик” саммити доирасида учрашган эди.

АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсонга кўра, учрашув пайтида Трамп Путиндан АҚШдаги президентлик сайловига аралашганмисизлар, деб сўраган. Путин эса бу саволга рад жавобини берган.

XS
SM
MD
LG