Линклар

БМТ Раққа вилоятига гуманитар ёрдамни етказа бошлади


Раққа атрофидаги қишлоқлардан бирида суратга тушаётган суриялик аскар.

БМТ 12 июлда Суриянинг Раққа вилояти аҳолисига гуманитар ёрдам етказиб беришни қайта бошлади.

БМТнинг Халқаро озиқ-овқат дастури биринчи ёрдам Раққадаги уйларини ташлаб чиқиб, Мансура шаҳрида яшаётган минглаб қочқинларга етказилишини маълум қилди.

Июнь ойида Башар Ассад ҳукумати БМТга Ҳалабдан Камишли шаҳрига элтувчи йўл орқали гуманитар ёрдам етказиб беришга рухсат берган эди.

Мазкур ҳудудларда “Исломий давлат”га қарши жанглар бораётган Раққадан қочган одамлар жон сақламоқда.

БМТнинг билдиришича, апрель ойидан бери Раққани 190 минг одам тарк этган, яна 50 минг одам қамалга олинган шаҳарда қолмоқда.

Раққа бир неча кун олдин АҚШ раҳбарлигидаги коалиция ва “Исломий давлат”га қарши курашаётган маҳаллий жанггарилар бирлашмалари томонидан қамал қилинган эди.

Раққа “Исломий давлат” томонидан 2014 йилда босиб олинган ва гуруҳ раҳбари Абу Бакр ал Бағдодий томонидан эълон қилинган халифаликнинг Суриядаги пойтахти ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG