Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:33

"Айтилаяпти, гапирилаяпти, лекин таҳлил йўқ, натижа йўқ"


АҚШнинг Айдаҳо штатида истиқомат қилувчи ўзбекистонлик Акром Маҳмудовдан келган мактубни OzodMaktub рукни остида эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз. Муаллиф ўзи ҳақда ҳеч нарса ёзмаган, бироқ хат мазмунидан у кишининг ҳаёт йўлидаги баъзи бекатлар ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Ўзбекистонда кечаётган жараёнлар тўғрисида фикр билдирмоқчи бўлган барчага рукинимиз доим очиқ.

***

Мен кеча Озодлик радиосининг ОзодНазар эшиттиришида таниқли журналист Шароф Убайдуллаев билан бўлган суҳбатни тингладим.

Ўзбекистонда ҳар жабҳада ўзгаришлар бўлишига ҳаракатлар бор, хоҳ диний эркинликда, хоҳ иқтисодда, хоҳ сўз эркинлигида, хоҳ ҳуқуқ борасида.

Шароф аканинг фикрларига қўшиламан. Хақиқатан ҳам Ўзбекистонда ошкоралик руҳидаги чиқишлар бўлаяпти.

Лекин, Шароф ака айтгандай, таҳлил ва натижалар қандайдир номига бўлаётгандай.

Мен яқинда марказий каналда “Муносабат” деган кўрсатувни кўрдим, у ерда журналистларнинг жамиятдаги камчиликларни қандай ёритаётгани тўғрисида кетди.

Кейин қизиқиб шу кўрсатувда қатнашган журналистлар билан телефон қилиб гаплашганимда, шунга ишондимки, сохтакорлиги билиниб қолди.

Менга ёққан нарса президентнинг ўзи жамиятдаги камчиликларни кўрсатишни талаб қилаяпти. Шунинг натижасида кун.уз сайтида вилоят ҳокимлари билан суҳбатлар бўлаяпти, халқ танияпти ҳокимларини, ҳокимларнинг билим савияси очилиб қолаяпти, уларнинг вилоятни қандай иқтисодий ривожлантириш, халқнинг яшаш шароитини яхшилаш борасида аниқ бир плани йўқлиги билиниб қолаяпти.

Халқаро пресс клубда танқидий саволлар бўлмаса ҳам, ўша клубнинг ташкил қилинишининг ўзи яхши нарса.

Ўзбекистондаги президент ташаббуси билан қилинаётган ўзгаришларга ё давлатнинг ўзи тайёр эмас ёки жамият, халқ тайëр эмас.

Мен ўзим ишлаган соҳа бўйича фикр билдирмоқчиман. Президент ташаббуси билан яқинда Ёшлар иттифоқи тузилди. Олдин Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил қилинган “Камолот” ёшлар ташкилоти олдига қўйилган вазифалар ўша-ўша. Фақат ҳозирги президент яна ҳам кўпроқ ишонч билдириб давлат томонидан кўплаб имтиёзлар берилди.

Менинг фикрим президент 10 миллиондан ошиқ ёшларнинг жамиятда ўрнини белгилаш ва улар орқали давлатда қотиб қолган ричагларни ҳаракатга келтиришни мақсад қилган дейман.

Иқтисодда ва жамиятда ўзгаришлар қилишига умид қилмоқда. Лекин ҳозир Ёшлар иттифоқидаги ҳаракатлар ура-ура. “Камолот “ ёшлар ташкилотида ҳам шундай бўлган "қиламиз, бажарамиз, президентнинг ишончини оқлаймиз, қўллаб-қувватлаймиз."

“Камолот” ҳаракати узоққа бормади. Ҳозир ҳам Ёшлар иттифоқи шу йўлда кетаяпти. Ёшлар иттифоқига сайланганлар эски “Камолот”чилар.

Яқинда Халқаро пресс клубда Ёшлар иттифоқига оид суҳбатда Озодбек Назарбеков кўпроқ фикр алмашди."Ёшлар" иттифоқининг раиси, Президентнинг ёшлар бўйича маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуранбоевда ҳеч қандай ёшлар бўйича ишлаш борасида дадил фикрлар йўқ.

Президент Шавкат Мирзиёев Ёшлар иттифоқини ташкил қилишдаги мажлисда 3-4 марта диний тазйиқларга учраган ёшларни қайтариш ҳақида гапирди. Улар ҳам юрт фуқароси деб қайта-қайта айтди. Лекин пресс клубда Қаҳрамон Қуранбоев Юртбошимиз талаб қилаяпти, диний тазйиққа учраган ёшлар билан Туркиягами, Россиягами бориб учрашиш ниятим бор, улар билан суҳбатлар қилиб қайтаман, уларнинг ҳаётини ўрганаман" деб дадил ҳаракатлари қани?

Юртимизда қанчадан қанча диний тазйиқ билан юртимизни ташлаб чиққан оилалар бор. Уларнинг қари оналари, бувилари ҳувиллаб қолган уйларда фарзандларини, қизларини, невараларини соғиниб, девонасифат бўлиб соғинч шеърлар тўқиб хиргойи қилиб юрганлари қанча. Буларни ўйлайдиганлар борми?

Мен яқинда Президент виртуал қабулхонасига Ёшлар ташкилотига таклиф ва фикрларимни билдириб хат ёздим. Таклифларимдан бири вилоят Ёшлар ташкилот раҳбарлари ҳокимларнинг тавсияси билан бўлмаслигини айтган эдим. Ҳоким сайлаган раҳбар ҳеч қачон эркин ҳаракат қилмайди.

Менинг таклифларим Ёшлар иттифоқи марказий кенгашига юбирилган эди. Улар вилоятга юборибди. Менинг ҳафсалам пир бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев мажлисда "Менга келаётган хатларнинг ҳар бири назоратимда туради" деган эди.

Президентни ҳурмат қилганда ўзлари ҳал қилиши лозим бўлган ишларни марказий кенгашга таъсири бўлмаган вилоятга юборадими?

Шароф аканинг айтганлари ëдимга келади, айтилаяпти, гапирилаяпти, лекин таҳлил, натижа йўқ. Ўзбекистонда қандайдир ё халқни ё Президентни ишонтириш хўжакўрсинга бўлаётган ишларга ўхшайди.

Акром Махмудов, АҚШ, Айдаҳо Штати

XS
SM
MD
LG