Линклар

Абдулазиз Комилов: Истиқболда валютамиз конвертацияси учун зарур шароитларни яратамиз


Эстония Ташқи ишлар вазири Свен Миксер ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Ўзбекистон яқин келажакда ўз миллий валютасини тўлиқ конвертациялаш учун барча шароитларни яратади, деб баёнот берди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов "Ўзбекистон — Европа Иттифоқи" ҳамкорлиги кенгаши йиғилиши якунлари бўйича бўлиб ўтган матбуот-анжуманида.

"Биз яқин истиқболда валютамиз тўлиқ конвертацияси учун барча зарур шароитларни яратамиз, капитални ва даромадни ватанга қайтариш механизмларини такомиллаштирамиз, банкларимиз, суд органлари фаолиятини янада яхшилаш, қолаверса, инвестиция учун жозибадор муҳитни шакллантириш устида иш олиб борамиз, деган фикрдаман", - деди Камилов.

ТИВ раҳбари Ўзбекистон, бошқа давлатлар сингари сармоячиларни фаол жалб этишга ҳаракат қилаётгани ва мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш учун ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

"Бу борада жиддий халқаро институтлар бизни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини ҳис қиляпмиз. Мана деярли уч кун олдин Шавкат Мирзиёев халқаро валюта жамғармаси ижрочи директори Кристин Лагарддан мактуб олди. Лагард Ўзбекистонда ўтказилаётган ислоҳотлар, жумладан, валюта ислоҳотини маъқуллашини айтиб ўтган", - деб қўшимча қилди Комилов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти расмий сайтида Халқаро валюта жамғармаси ижрочи директори Кристин Лагарднинг президент Шавкат Мирзиëевга ëзган мактуби эълон қилинди.

14 июль санаси қўйилган бу мактубда ХВЖ раҳбари Шавкат Мирзиëевнинг молия-иқтисод соҳасидаги саъй-ҳаракатлари “ислоҳот” деб аталган ва дунëдаги энг йирик молия тизимларидан ҳисобланган ХВЖнинг бу ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга тайëрлигини билдирган.

Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида Ислом Каримов вафотидан сўнг 17 июлда ўтказилган энг юқори даражали сиëсий сўзлашувларда Ўзбекистондаги демократия¸ инсон ҳақлари вазияти муҳокама қилинди.

XS
SM
MD
LG