Линклар

Россия парламенти интернетни чекловчи қонунни янада кучайтирмоқда


Россия парламентининг қуйи палатаси – Давлат Думаси интернетдаги прокси хизматлардан, жумладан VPN-дан фойдаланишни тақиқловчи қонун лойиҳасини тасдиқлади.

21 июлда Давлат Думасида учинчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳаси аноним мобил хабарлари хизматидан фойдаланишни ҳам тақиқлайди.

Қонунни ёқлаган Дума вакилларига кўра, бу чоралар экстремист ғояларнинг тарқалишини олдини олишга қаратилган.

Аммо, қонун лойиҳасига қарши чиққанларнинг ишонишича, бундай чоралар билан президент Путин ҳукумати ўзга қараш ва фикрларни бўғишни мақсад қилган.

Қонун лойиҳаси парламент юқори палатасида бир марта овозга қўйилади ва сўнгра тўла кучга кириши учун президент Путинга юборилади.

Қонун лойиҳаси, юқори палата ва Путин томонидан тасдиқланса, 2018 йил 1 январдан бошлаб кучга киради.

Орадан уч ойдан камроқ вақт ўтиб Россияда президентлик сайлови бўлиб ўтиши белгиланган.

Унда аксарият овоз билан Владимир Путиннинг яна олти йилга сайланиши кутилмоқда.

Қонун лойиҳасига кўра, интернет провайдерлардан VPN ёки бошқа прокси хизматларини таклиф қилувчи веб сайтларни беркитиб қўйиш талаб қилинади.

Россияда интернет юзерлари блокланган хабар ва лавҳаларни ўқиш, кўриш ва тинглаш учун одатда хорижий прокси хизматлардан фойдаланади.

Янги қонун лойиҳасига мувофиқ, мессенжер апплардан юзерларни аниқлашда уларнинг телефон номерларини билишни ва уларга огоҳлантирувчи хабарлар юборишни талаб қилади.

Россия ҳукумати сўнгги йилларда интернет ширкатларидан Россия серверларидаги маълумотларни сақлаб қўйишни талаб қилиб келади.

XS
SM
MD
LG