Линклар

БМТ Хавфсизлик кенгашида Қуддусдаги сўнгги вазият муҳокама қилинади


Қуддусда 21 июль куни полиция ва фаластинликлар ўртасидаги тўқнашув.

БМТ Хавфсизлик кенгаши 24 июль куни Миср, Франция ва Швеция илтимоси билан Қуддусда янги хавфсизлик чоралари жорий этилгани ортидан юзага келган сўнгги вазиятни ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилиш учун шошилинч йиғилиш ўткизади.

Исроил Бош вазири Бинямин Нетеняҳу 23 июль куни ўтган ҳукумат йиғилишида Қуддуснинг эски шаҳар қисмида, жумладан, Ал Ақсо масжиди атрофида жорий этилган янги хавфсизлик чоралари бекор қилинмаслигини айтган эди.

Нетеняҳу Иордан дарёси Ғарбий соҳилида жума куни уч яҳудийни ўлдирган фаластинликнинг уйи бузилишини ҳам маълум қилди.

- Хавфсизлик кучлари қанча керак бўлса ўшанча муддат ҳаракат қилади. Манфур террорчининг уйи иложи борича тез фурсатда вайрон этилади. Биз қотилликка ундаган ва қотилларни алқаганларга нисбатан ҳам чоралар кўрамиз, -деди Нетеняҳу.

Араб давлатлари Лигаси Исроил Ал Ақсо масжидига киришни чеклаш орқали “ўт билан ўйнашаётир”, деб баёнот тарқатди. Араб давлатлари Лигаси чоршанба куни Фаластин-Исроил ўртасидаги зўравонликлар яна кучйиши муносабати билан шошилинч йиғилиш ўтказади.

21 июль куни Ал Ақсо масжидига намоз ўқиш учун келган мусулмонлар металлодетекторлардан ўтишдан бош тортиб, полициячиларни тошбўрон қила бошлаган. Тўқнашувда уч фаластинлик ўлдирилган, 370 одам тан жароҳати олган эди.Ўша куни Ғарбий соҳилда Фаластин ерларига кўчирилган уч яҳудий ҳам ўлдирилган.

22 июлда 21 июль куни полиция билан тўқнашувда жароҳатланган икки фаластинлик вафот этди.

Зўравонликларнинг янги тўлқини 14 июль куни эски шаҳарда икки яҳудий полициячи ўлдирилганидан сўнг бошланиб кетди. Мазкур воқеадан сўнг ҳукумат Қуддуснинг эски шаҳар қисмига, жумладан, Ал Ақсо масжидига киришни чеклаб, металлодетекторлар ўрнатган.

XS
SM
MD
LG