Линклар

Британия генерали: Раққадаги ғалаба “Ислом давлати” устидан узил-кесил ғалаба эмас


Генерал-майор Руперт Жонс

“Ислом давлати” экстремистик гуруҳига қарши курашаётган АҚШ етакчилигидаги коалиция генерали ишидчилар Раққада мағлуб этилганидан кейин ҳам уларга қарши кураш ўз якунига етмаслигини таъкидлади.

23 июль куни британиялик генерал-майор Руперт Жонс Раққадан 50 км масофада жойлашган Айн Исса шаҳрида журналистлар билан ўтказилган суҳбат давомида коалиция жангариларни Раққадан сиқиб чиқарганидан кейин, Сурияда “яна кўп иш қилиш керак бўлишини” айтди.

Генерал Ироқда жангарилар Мосулдан сиқиб чиқарилганидан кейин ҳам қаршилик кўрсатаётганини айтар экан, Раққа озод этилганидан кейин ҳам жангари гуруҳ бутунлай мағлуб бўлмаслигини таъкидлади.

“Мосулдаги каби Раққанинг озод этилиши жангнинг якуни бўлмайди. Аслида бу жараённинг боши бўлади”, деди Жонс.

“Халқаро коалиция сифатида Сурияда яна кўплаб иш қилиниши кераклигини биламиз”, дея сўзини давом эттирди у.

Генерал “Сурия демократик кучлари” номи билан маълум бўлган араб-курд бирлашмасини олқишлар экан, АҚШ дастаклаётган мазкур гуруҳ “Ислом давлати”га қарши ишончли ҳамкор эканлигини таъкидлади.

“Ислом давлати” жангарилари 2014 йилда Сурия ва Ироқда йирик ҳудудларни эгаллаб олган эди.

Ҳозиргача АҚШ дастаклаётган кучлар жангарилар забт этган ҳудудларнинг йирик қисмини озод этди. Айни пайтда Раққа шаҳрида жангариларга қарши кураш давом этмоқда. Гуруҳ Раққани ўзининг Суриядаги пойтахти, деб эълон қилган эди.

XS
SM
MD
LG