Линклар

Эрон собиқ вице-президенти қамоқдан чиққач, мамлакат суд тизимини танқид қилди


Ҳамид Бакхай

Эроннинг собиқ вице-президенти Ҳамид Бакхай қамоқхонадан гаров эвазига бўшатилганидан сўнг мамлакат суд тизимини ҳамда қамоқда сақланаётганларга муносабатни танқид қилди.

“Боринг, қамоқхоналаримизда нималар бўлаётганини кўринг. Масалан, мен ўтирган камерада бир киши бор эди. У ҳибсга олинганидан буён ўтган 13 ой ичида бир марта ҳам сўроқ қилинмабди”, деган Бакхай 26 июлда. Унинг қўшимча қилишича, авиакомпанияда ишлаган, бир фарзанди бор камерадошининг қўлга олингани тўғрисида маъмурлар унинг оиласига хабар бериб ҳам қўймаган.

Эрон собиқ вице-президенти коррупцияда айбланиб, 9 июлда ҳибсга олинган. Собиқ президент Маҳмуд Аҳмадийнажоднинг ўринбосари ўзини айбсиз, деб ҳисоблайди. Шунинг учун ҳибсга олинишига норозилик сифатида очлик эълон қилган.

Маҳмуд Аҳмадийнажод яқин сафдошининг қамоққа олинишини “қонунсизлик” ва “хаддан зиёд шафқатсизлик”, деб атаб, уни зудлик билан озод қилишга чақирган.

Бакхай бу йилги президент сайловига ўз номзодини кўрсатмоқчи бўлган, бироқ Эроннинг олий диний раҳбар органи унинг сайловга номзод сифатида иштирок этишига рухсат бермаган.

XS
SM
MD
LG