Линклар

АҚШ Сенати Россияга қарши санкцияларни кучайтириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади


АҚШ Сенати Россияга қарши санкцияларни кучайтириш тўғрисидаги қонунни президент Дональд Трампга имзолаш учун юборди.

27 июл куни лойиҳани қўллаб 98 сенатор овоз берди. Атиги икки сенатор эса қарши овоз берди.

Янги лойиҳа Россия АҚШ президентлик сайловига аралашгани ҳамда Украинадаги агрессияси учун унга қарши жорий қилинган санкцияларни қонунлаштириб, Москванинг Суриядаги амалиётлари учун янги чораларни белгилайди. Бундан ташқари, янги лойиҳада мазкур санкциялар бекор қилиниши учун президент Конгресс маъқуллигини олиши керак, дейилган.

АҚШ, Аризона штатидан сенатор Жон МакКейн ҳамкасблари маъқуллаган қонун лойиҳаси тўғрисида бундай деди:

- Америка Қўшма Штатлари Владимир Путин ва бошқа ҳар қандай агрессорга демократиямизга дахл қилишларига йўл қўймаслигимиз тўғрисида кучли ишора беришимиз лозим. Бу қонун лойиҳаси ўша ишорадир.

Президент Трамп ўз сайлов кампанияси давомида Россия билан айрим соҳаларда, жумладан, “Ислом давлати” жангари гуруҳини йўқ қилишда ҳамкорлик қилишни ваъда қилган эди.

27 июль куни кечқурун Оқ ой президент ҳали қонун лойиҳасини имзоламаганини билдирди.

Лойиҳа Конгресснинг вакиллар палатасида ҳам 419-3 овоз билан маъқулланди. Яъни, президент уни вето қиладиган бўлса, Конгресс аъзолари унинг ветосини бекор қилиши муқаррар.

XS
SM
MD
LG