Линклар

АҚШ Президенти Дональд Трамп Россия, Эрон ва Шимолий Кореяга нисбатан санкцияларни кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолашга қарор қилди. Бу ҳақда 28 июль куни Оқ уй хабар қилди.

Оқ уйнинг ушбу кутилмаган билдирувидан бир неча соат олдин Россия янги санкцияларга жавобан Москвада АҚШ дипломатлари сони қисқартирилиб, Россия пойтахтидаги АҚШ мулкларининг айримлари тортиб олинишини эълон қилган эди.

Янги лойиҳа Россия АҚШ президентлик сайловига аралашгани ҳамда Украинадаги агрессияси учун унга қарши жорий қилинган санкцияларни қонунлаштириб, Москванинг Суриядаги амалиётлари учун янги чораларни белгилайди. Янги санкциялар туфайли Москва ва Вашингтон ўртасидаги алоқалар янада совуди.

Трампнинг қонунни имзолашга қарор қилишига агар президент уни вето қиладиган бўлса, АҚШ Конгресси ветони бекор қилиши мауқаррар бўлгани туртки бўлган.

Аммо Оқ уй матбуот котиби Сараҳ Ҳакаби Сандерс Трамп қонун лойиҳасининг айрим “муҳим элементлари” ўзгартирилгани учун уни имзолаганини таъкидлади. Аммо котиб қонун лойиҳасининг айнан қайси бандлари ўзгартирилганини очиқламади.

Оқ уй янги лойиҳанинг Россияга қарши санкциялар бекор қилиниши учун президент Конгресс маъқуллигини олиши керак, дейилган бандига қарши бўлган эди. Афтидан, лойиҳанинг ушбу банди ўзгартирилмаган.

Аммо аввалроқ Оқ уй ҳамда Америка нефть ширкатлари қистови билан АҚШ ширкатларининг рус ширкатлари иштирок этаётган ҳар қандай нефть ва газ лойиҳаларида иштирок этишига тўсқинлик қиладиган банди ўзгартирилган эди.

Трампнинг ушбу қонунни имзолашига туртки бўлган яна бир сабаб Россиянинг президент маъмурияти билан алоқаларни яхшилаш учун ҳамкорлик қилишда давом этишга тайёр эканлигини билдиргани бўлди.

Бундан ташқари, Конгресснинг Вакиллар палатаси лойиҳага Шимолий Кореяга қарши санкцияларни ҳам киритди. Бу эса Оқ уйга манзур келди.

Россиянинг БМТдаги янги элчиси Василий Небензя 28 июль куни янги санкциялар АҚШ ва Россия ўртасидаги алоқаларни ёмонлаштирган бўлса-да, Москва ҳамкорлик қилишда давом этишга тайёр эканлигини билдирди.

Янги санкцияларга жавобан расмий Москва АҚШни мамлакатдаги дипломатлари сонини озайтиришга чақириб, АҚШ элчихонасига тегишли далаҳовли (дача) ва омборхоналар мусодара қилинишини билдирди. Ҳозирча Москвада нечта АҚШ дипломати ишлаётгани маълум эмас.

Янги қонунда Путин ва унга яқин олигархларга қарши чоралар белгиланган. Россия иқтисодининг муҳим секторлари, жумладан, қурол-аслаҳа ҳамда энергетика соҳалари ҳам мўлжалга олинган.

Шимолий Кореяга қарши санкциялар эса мамлакатнинг ядровий қурол ишлаб чиқаришга қаратилган ҳаракатларига ҳалал беришни кўзлайди.

Ниҳоят, Эронга қарши санкциялар эса мамлакатнинг баллистик ракета дастурига ҳамда терроризмни қўллашда айбланаётган Эрон инқилобий гвардиясига қарши чораларни ўз ичига олади.

XS
SM
MD
LG