Линклар

Шошилинч хабар
12 ноябр 2019, Тошкент вақти: 12:49

Бишкекда Текебаев тарафдорлари очлик акцияси бошланганини эълон қилди


"Ата Мекен" партияси раҳбари Ўмурбек Текебаев.

“Ата Мекен” партияси вакили Қалис Боронбаевнинг билдиришича, 31 июль куни 6-7 кишидан иборат гуруҳ партиянинг судланаётган раҳбари Ўмурбек Текебаевга президентлик сайловида иштирок этиши учун бошқа номзодлар билан тенг равишда шароит яратиб берилишини талаб қилиб, очлик акциясини бошлади.

Очлик эълон қилганлар орасида партия аъзолари ва Текебаевнинг яқинлари бор. Боронбаев 1 августдан бошлаб очлик эълон қилганлар сони кўпайиб боришини маълум қилди.

26 июлда Бишкек шаҳар Биринчи Май туман суди Ўмурбек Текебаевнинг президентликка номзод сифатида рўйхатга олиниши учун қирғиз тилидан имтиҳон топширишга имкон бериш талабини инобатга олмаган эди.

Шундан сўнг Текебаевнинг тарафдорлари Марказий сайлов комиссияси олдида намойиш ўтказиб, Текебаевнинг қирғиз тилидан имтиҳон топширишини таъминлашни талаб қилган.

Бироқ Марказий сайлов комиссияси бу масалани ҳал этиш суд ваколатида, деган қарорини эълон қилган.

-Биз бу ишни ҳал этишни судга топшираяпмиз. Негаки, биз судланаётган одам конвой билан келиб, имтиҳон топшириб кетсин, деган қарорни чиқара олмаймиз. Чунки қонунда бундай меъёрнинг ўзи йўқ. Шунинг учун масалани суднинг ўзи ҳал қилсин, -деди Марказий сайлов комиссияси аъзоси Кайрат Ўсмўналиев.

“Ата Мекен” партияси тарафдорлари эса Марказий сайлов комиссияси Текебаевни президентлик сайловида иштирок эткизмаслик учун мана шундай қарор қабул қилди, деган фикрдалар. Партия тарафдорларининг айтишларича, очлик акцияси бошланишига ҳам айнан мана шу қарор сабаб бўлган.

Марказий сайлов комиссиясининг собиқ аъзоси, таниқли жамоат ва давлат арбоби Ишенбай Қадирбеков Марказий сайлов комиссияси президентликка номзодлигини кўрсатмоқчи бўлган шахсдан ҳужжатларни қабул қилиш орқали унинг сайловда тенг ҳуқуқли равишда иштирок этишини кафолатлашни ўз зиммасига олади, деб ҳисоблайди. Унга кўра, Марказий сайлов комиссияси шундан келиб чиққан ҳолда, вазиятни кескинлаштирмай, Текебаев масаласида ижобий қарор чиқаришга ҳақли эди.

"Ата Мекен" партияси лидери, сиёсий доираларда "Конституция отаси" деб сифатланувчи Ўмурбек Текебаев шу йилнинг 26 апрелида коррупцияда айбланиб қамоққа олинган эди. айни пайтда унга нисбатан суд жараёни давом этмоқда.

Қирғизистонда 15 июндан бошлаб президентликка номзодларни кўрсатиш жараёни расман бошланди.

Номзодларни кўрсатиш жараёни 1 августда ниҳоясига етади. 10 сентябрда номзодларнинг сайловолди тарғиботи бошланади. Тарғибот 14 октябргача давом этади. 15 октябрда ўтадиган сайловнинг натижалари эса 4 ноябрь куни эълон қилинади.

Шу кунгача президентликка номзодини кўрсатиш ниятини билдириб Марказий сайлов комиссиясига ариза топширганлар сони 50 нафардан ошиб кетди.

Қирғизистон президент ваколатлари бир муддат билан чекланган Марказий Осиёдаги ягона давлатдир. Шундан келиб чиққан ҳолда, амалдаги президент Алмазбек Атамбаев ўз номзодини кўрсата олмайди.

Шарҳларни кўринг (2)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG